Мирзиёев Ўзбек-Француз университетини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади

Марказий Осиё республикасида ташкил этилаётган Ўзбек-Француз университети Европа мамлакатидаги тўртта университет бошқаруви остида фаолият юритади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Lex.uz порталида эълон қилинган тегишли фармонида сўз юритилади.

Таъкидланишича, Ўзбекистон томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Франция томонидан Олий таълим, тадқиқот ва космос вазирлиги университет муассислари ҳисобланади.

Университетни бошқариш тўртта ташкилотдан иборат консорциумга ишониб топширилган:

✅ Пуатье университети;

✅ Ренн университети;

✅ Гавр-Нормандия университети;

✅ Люмер Лион 2 университети.

Фармонга кўра, консорциумга таълим жараёнини ташкил этиш, ўқув режалари, ўқув дастурлари ва материалларини ишлаб чиқиш, талабаларни қабул қилиш ва педагогларни саралаш жараёнларида кўмаклашиш мажбуриятлари юклатилади.

Ўзбек-Француз университетида дастлабки босқичда магистратура, кейинчалик босқичма-босқич бакалавриат ва докторантурада кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Шунингдек, шу университетга кириш учун тайёрлов курси жорий этилади.

Таълим жараёни мақсадли грант ва пуллик шартнома асосида амалга оширилиши режалаштирилган. Битирувчилар қўшма университет дипломи ва консорциумга киритилган француз университети дипломини оладилар.

Қабул жараёни ва квоталар, шартнома миқдори ва талабаларни баҳолаш жараёни бўйича қарорлар Ўзбекистон ва Франция томонидан тенг асосда тузиладиган васийлик кенгаши томонидан қабул қилинади.

Ўзбекистон президентининг фармони билан университетнинг молиялаштириш манбалари белгилаб берилган. Буларга умумий соннинг 30% гача бўлган грантлар бўйича талабаларни ўқитиш учун давлат бюджети маблағлари, шартномалар бўйича маблағлар, университет маъмуриятининг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек, хайриялар ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар киради.

Ректор Марказий Осиё республикаси Таълим вазирлиги тавсияси билан, ўқув жараёнини бошқариш ва мутахассисларни тайёрлаш сифати учун масъул бўлган проректор эса европалик ҳамкорлар томонидан тайинланади.

ℹ️ Ўзбек-Француз университетини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим шу йилнинг март ойида Шавкат Мирзиёев ва Франция президенти Эммануэль Макрон ўртасидаги музокаралардан сўнг имзоланган бўлиб, бу музокаралар Ўзбекистон раҳбарининг Парижга давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ