Ўзбекистон ўзининг сунъий интеллектга асосланган сунъий йўлдошини яратади

Ўзбекистонда Samarkand-2028 сунъий йўлдоши ишлаб чиқилмоқда. Ерни масофавий зондлашга мўлжалланган мазкур йўлдош учун сунъий интеллект модули ишлаб чиқилади. Йўлдош олган суратларни ҳаво сифатини бирламчи баҳолаш, қишлоқ хўжалиги экинлари ва ўрмонларни мониторинг қилишда қўллаш мумкин бўлади. Ушбу лойиҳа 1 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида СИни турли соҳаларда қўллаш бўйича ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Жумладан, президентга соғлиқни сақлаш соҳасида замонавий технологиялардан фаол фойдаланилаётгани ҳақида маълумот берилди. Ҳозирда тиббиёт соҳасида сунъий интеллект бўйича 5 та лойиҳа жорий қилинмоқда. Хусусан, инсульт, кўкрак саратонини сунъий интеллект ёрдамида аниқлаш орқали диагностика вақти 80 фоизга тежалиб, ҳаёт учун хавфли ҳолатлар барвақт аниқланмоқда.

Президентимиз бу етарли эмаслиги, сунъий интеллект ёрдамидаги диагностикани ишлатиш мумкин бўлган касалликлар турини янада кенгайтириш зарурлигини қайд этди.

Шу муносабат билан хорижий ҳамкорлар билан биргаликда республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида жигар, ўпка ва простата бези саратони, инфаркт ва мураккаб суяк синишларини диагностика қилишда тиббий суратларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш тизимларини жорий этиш режалаштирилган.

Ихтисослашган кадрларни тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда. Келгуси ўқув йилидан бошлаб мактаблар, техник коллежлар ва университетларда сунъий интеллект дастурлари жорий этилиши таъкидланди, бу эса информатика ўқитувчиларининг малакасини оширишни талаб қилади. Лекин фақат уларни эмас, бутун мактаб жамоасини сунъий интеллектдан фойдаланишга ўргатиб, ўқитувчиларнинг юкламасини камайтириш кераклиги кўрсатиб ўтилди. Шунда ўқитувчида ўз устида ишлашга кўпроқ вақт қолади, дея таъкидланди йиғилишда.

Жумладан, мактаб таълими учун сунъий интеллектга асосланган платформани жорий қилиш таклиф қилинди. Бунда ўқитувчининг виртуал ёрдамчиси ишлаб чиқилади ва платформага интеграция қилинади. Ушбу ечим ўқитувчиларга мавзуга доир маъруза матнлари, тақдимотлар, тестлар, дарс режаларини тузиш, имтиҳон жараёнларини назорат қилишда кўмаклашади.

Транспорт соҳасида сунъий интеллектга асосланган инновацияларни қўллаш бўйича ҳам ғоялар мавжуд. Жумладан, сунъий интеллект ёрдамида йўллардаги қоидабузарликларни автоматик аниқлаш, вагонлар техник ҳолатини мониторинг қилиш орқали темир йўлда авариялар хавфини камайтириш бўйича таклифлар тақдимот қилинди.

Бундан ташқари, расмийлар давлат раҳбарига ҳокимлар маслаҳатчиларининг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект бўйича малакасини ошириш дастури ҳақида маълумот тақдим этдилар.

Ўзбекистонда инфратузилмани яратиш ва IT ходимларини тайёрлаш учун зарур шарт-шароитларни яратадиган бир қатор ҳужжатлар қабул қилингани таъкидланди. Жумладан, 2030 йилгача стратегия тасдиқланиб, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида тегишли марказ очилди. Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш учун зарур ҳисоблаш инфратузилмаси барпо қилинмоқда, АҚШнинг Nvidia компанияси билан ҳамкорликда супер компьютер кластерини ишга тушириш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ