Қирғизистон президенти Садир Жапаров 1 декабрь куни бир қатор кадрлар ўзгаришларини амалга оширди, деб хабар беради президент матбуот хизмати.
Қирғизистон Давлат котиби лавозимида ишлаган Марат Иманқулов лавозимидан озод қилинди ва Президент маслаҳатчиси этиб тайинланди. Илгари Президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Арслан Койчиев Давлат котиби лавозимини эгаллади.
Бақтибек Бекболотов Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимидан озод қилинди. Бу лавозимни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг собиқ биринчи ўринбосари Рустам Мамасадиқов эгаллади.
МХДҚнинг Терроризмга қарши кураш марказини Қурванбек Авазов бошқаради. Илгари МХДҚнинг Ўш шаҳри ва Ўш вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган Даниэл Рисалиев МХДҚ раисининг ўринбосари ва Киберхавфсизлик бўйича мувофиқлаштириш маркази директори этиб тайинланди.
Мамлакат бош хавфсизлик хизматининг яна бир ходими Канибек Досмамбетов энди Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи лавозимида ишлайди. Ушбу лавозимда бир йилдан камроқ вақт эгаллаган Эркин Чечейбаев ишдан бўшатилди.
Азамат Апсатаров президент ёрдамчиси лавозимидан президент Администрациясида давлат ва ҳукумат раҳбари қарорларининг бажарилишини назорат қилиш департаменти бошлиғи лавозимига ўтди. Ушбу лавозимда ишлаган Азамат Осмонов президентнинг Чуй вилоятидаги ваколатли вакили этиб тайинланди, у мазкур лавозимдан бўшатилган Канат Жумагазиев ўрнини эгаллади.
Жапаров шунингдек, Ўш вилоятидаги президент вакилини алмаштиришга қарор қилди: Элчибек Жантаев Давлат хизмати ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш агентлиги раҳбари этиб тайинланди. Мазкур вилоятга янги президент вакили тайинлангани ҳақида маълумот ушбу хабар ёзилаётган пайтда берилмаган эди.



