Пекин Душанбени Хитой фуқаролари ҳимоясини кучайтиришга чақирди

Тожик-афғон чегарасида. khaama.com сайти фотосурати

Хитой расмийлари Тожикистон ҳукуматини Хитой фуқаролари ва корхоналарини ҳимоя қилиш чораларини кўришга чақирди ва ватандошларини Афғонистон билан чегарадош ҳудудларни зудлик билан тарк этишга чақирди.

30 ноябрь куни кечқурун Хитойнинг Тожикистондаги элчиси Го Чжицзюн Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Фарҳод Камалзода билан телефон орқали фавқулодда музокаралар олиб борди.

Томонлар бир нечта Хитой фуқаролари ҳалок бўлган Тожикистон-Хитой чегарасидаги воқеаларни ва чегара ҳудудидаги Хитой бизнеси ва ходимларига бўлаётган таҳдидларни муҳокама қилишди. Го Чжицзюн Тожикистон томонини Хитой фуқароларини ҳимоя қилиш учун барча зарур ресурсларни сафарбар қилишга чақирди. Бунга жавобан Душанбе ҳужумларни қаттиқ қоралади, Хитой илтимосларига катта аҳамият беришини билдирди ва хавфсизлик чораларини дарҳол кучайтиришига ишонтирди.

Global Times хабар беришича, 1 декабрь куни Тожикистондаги Хитой элчихонаси ўзининг WeChat аккаунтида Хитой компанияларини тожик-афғон чегара ҳудудларидан ходимларини зудлик билан эвакуация қилишга доир чақириқни жойлаштирди. Ушбу ҳудудда олтин қазиб олиш билан шуғулланувчи компанияларга алоҳида эътибор қаратилди.

Тожикистондаги бошқа Хитой фуқароларига ҳудуддаги хавфсизлик ҳолатини диққат билан кузатиб бориш, чегара зоналарига бормаслик ва эҳтиёт чораларини кўриш тавсия этилади. Фавқулодда вазият юзага келганда, уларга дарҳол Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва Хитой элчихонаси билан боғланиш буюрилди.

Бунга сўнгги етти кун ичида Тожикистон-Афғонистон чегарасида содир бўлган иккита воқеа туртки бўлди. 26 ноябрь куни Афғонистон томонидан учиб келган дрон ҳужуми натижасида «Шохин СМ» тоғ-кон компаниясида ишлайдиган уч хитойлик ишчи ҳалок бўлди ва яна бири яраланди. 30 ноябрь куни кечқурун чегара яқинида йўл қурилиши лойиҳасида ишлаётган икки хитойлик фуқаро Афғонистон ҳудудидан олиб борилган отишма натижасида ҳалок бўлди ва яна икки киши яраланди. Тожикистон чегарачиларининг сўзларига кўра, бу сафар China Road and Bridge Corporation йўл қурилиши компанияси ходимлари ҳужумга учраган.

Хавфсизлик кучлари бу воқеалар ҳақида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонга хабар беришди. Давлат раҳбари «Афғонистон фуқароларининг ноқонуний ва провокацион ҳаракатларини қаттиқ қоралади» ва тегишли органларга вазиятни ҳал қилиш учун самарали чоралар кўришни буюрди.

Афғонистонни бошқараётган толиблар* бу ҳужумларнинг биринчисига муносабат билдиришди. Улар хитойлик ишчилар ўлдирилганини қоралаб, ҳужумчиларни минтақани беқарорлаштиришга интилаётган провокаторлар уюштирмоқда дея таъкидлашди. Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамдардлик исҳор қилиб, воқеани текширишда Душанбе ва Пекин билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ