Европа Иттифоқи ва Қозоғистон виза режимини енгиллаштириш бўйича музокараларни бошлади

gov.kz сайти фотосурати

2 декабрь куни Қозоғистон ва Европа Иттифоқи виза режимини енгиллаштириш ва реадмиссия (иммиграция қоидаларини бузганларни ўз ватанларига қайтариш) бўйича музокараларни бошладилар. Бу ҳақда «Қозоғистон-Европа Иттифоқи» ҳамкорлик кенгаши йиғилишида маълум бўлди.

Музокаралар Брюсселда бўлиб ўтмоқда ва унга Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Ермек Кошербаев ва Европа Иттифоқининг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Йозеф Сикела раислик қилмоқда.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу қадам «гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга, талабалар, олимлар ва мутахассислар учун имкониятларни кенгайтиришга ва фуқароларнинг ҳаракатчанлигини оширишга катта ҳисса қўшишини» таъкидлади.

Қозоғистон фуқаролари учун виза режимини енгиллаштириш талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхатини қисқартиришни ва визаларнинг амал қилиш муддати ва сонини узайтиришни ўз ичига олади. Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасида бу масала бўйича маслаҳатлашувлар 2023 йил май ойидан бери давом этмоқда. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Айбек Смадияров аввалроқ жараённинг мураккаблигини Европа Иттифоқи бир нечта давлатлардан иборат экани, уларнинг ҳар бири билан алоҳида музокаралар олиб бориш талаб этилишини айтиб тушунтирган эди.

2017 йили Қозоғистон бир томонлама барча Европа Иттифоқига аъзо давлатлар фуқаролари учун бизнес ҳамкорлиги ва туризмни ривожлантириш мақсадида визасиз режимни жорий этганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ