Қозоғистонда «ваколатли орган талабларига риоя қилмаган» онлайн платформаларга киришни блокировка қилишмоқчи. Ушбу қоида Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан таклиф қилинган тузатишлар лойиҳасида ўрин олган.
«Агар онлайн платформаларнинг эгалари ва/ёки қонуний вакиллари (вакиллик идоралари) ваколатли орган кўрсатмаларига риоя қилмаса, ваколатли орган интернет ресурслари, онлайн платформалар ва тезкор хабар алмашиш хизматларига киришни чеклаш қоидаларига мувофиқ онлайн платформага киришни чеклайди», — дейилади нашр этилган ҳужжатда.
Платформалар Маданият вазирлиги илтимосига биноан тақиқланган материалларни олиб ташлаши, 5000 дан ортиқ обуначиси бўлган аноним аккаунтлар ҳақида маълумот бериши ва контентни тўғри ёрлиқлаши лозим.
Худди шу лойиҳада 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтишини тақиқлаш ҳам таклиф қилинган.
Мазкур кўрсатмаларнинг бирортасига риоя қилмаслик ресурсга киришни чеклаш учун асос бўлиши мумкин.
Вазирлик ўзининг тушунтириш хатида ушбу қоида хавфсиз ахборот муҳитини яратиш ва онлайн платформалардаги ноқонуний контент ҳажмини камайтириш учун зарур эканини таъкидлайди. Ҳужжат муаллифлари унинг қабул қилиниши бюджет харажатларини талаб қилмаслигини ва салбий ижтимоий-иқтисодий оқибатларга олиб келмаслигини таъкидлайдилар.
«Шундай қилиб, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши кенг қамровли ижобий ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий самара бериши мумкин», — деган хулосага келади улар.
Бу Қозоғистон Маданият вазирлиги томонидан турли платформаларга киришни чеклаш зарурлиги биринчи марта муҳокама қилаётгани йўқ. Масалан, ўтган йили вазирлик одобсиз сўзлар ва шубҳали мазмунни ўз ичига олган видеороликлар туфайли TikTokни блоклаш масаласини кўриб чиққанди.



