2025-2026 йиллари Ўзбекистонда ҳаво ифлосланишини назорат қилиш лойиҳаларига тахминан 1,5 триллион сўм (120,6 миллион доллар) ажратилади. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши бўйича миллий қўмита раҳбари ўринбосари Жусипбек Казбековнинг 3 декабрь куни Олий Мажлис депутатлари саволларига берган жавобларидан маълум бўлди.
Қонунчилик палатаси йиғилишида ҳукуматнинг 2026 йили корхоналарни замонавий фильтрлар ва тозалаш иншоотлари билан жиҳозлаш ҳамда экологик лойиҳаларни амалга ошириш учун қанча маблағ ажратиши ҳақида савол берилди. Казбековнинг сўзларига кўра, бюджетнинг қўшимча даромадларидан Тошкентга 548 миллиард сўм (45,6 миллион доллар) ажратиш режалаштирилган. Қўчқоровнинг қўшимча қилишича, 2025 йил охирига қадар мамлакатда ҳавони тозалаш дастурлари учун тегишли идораларга қўшимча 900 миллиард сўм (75 миллион доллар) ажратилади.
Ноябрь ойи охирида Ўзбекистонда ҳаво ифлосланишига қарши курашиш ва зарарли чиқиндилар манбаларини йўқ қилиш бўйича саъй-ҳаракатлар кучайтирилди. Президент фармони билан Тошкентдаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича шошилинч чора-тадбирларни амалга ошириш учун махсус комиссия тузилди. Президент администрацияси раҳбари ва давлат раҳбарининг тўнғич қизи Саида Мирзиёева унга раис этиб тайинланди. Экокомиссия Ўзбекистон пойтахти ва унинг атрофида атмосферани ифлослантирувчи объектларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш учун ҳар куни иссиқхоналар ва корхоналарни текширмоқда. Шу билан бирга, шаҳарда кўчаларни намлаш, ариқларини тозалаш ва фаввораларни ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда.
Экокомиссия деярли ҳар куни президентга қилинган ишлар борасида ҳисобот бермоқда. Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг ҳаво ифлосланишига қарши курашиш тажрибасини Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига ёйишни буюрди. Натижада, оммавий ахборот воситаларида Андижон, Фарғона, Бухоро ва республиканинг бошқа ҳудудларида ўтказилган рейдлар ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.
Жойларда «салласини деса, калласини…» қабилида ҳолатлар ҳам қайд этилган. Жумладан, Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида туман ҳокими буйруғи билан камида учта кафеда сомса ёпилаётган тандирлар вайрон қилинган. Туман ҳокимлиги Telegram-каналида экскаватор томонидан тандирларнинг йўқ қилинаётгани акс этган видео жойлаштирилган.
Ҳокимлик «[экологик] талабларга жавоб бермаётган умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектлари фаолиятни тўхтатиш бўйича қатъий чоралар» қўлланилаётганини маълум қилган.
Видеоролик кенг жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди, натижада ҳокимлик каналидаги мазкур пост олиб ташланди ва туман ҳокими Андижон вилояти ҳокимидан ҳайфсан олди. Шуниси қизиқки, айбдор мансабдор шахснинг исми — Ҳикматилло Дадахонов — ошкор қилинмади. Шунингдек, унинг ҳаракатларидан зарар кўрган кафеларга етказилган зарар қопланадими ёки йўқми, бу ҳақда ҳам маълумот берилмади.



