Ўзбекистон янги лойиҳаларни ишга тушириш орқали аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев рамзий дастакни босиб, 42 та энергетика объектининг ишга туширилиши ҳамда навбатдаги 21 тасининг қурилиши бошланишига старт берди. Бу мамлакатнинг йиллик электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондиради, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ишга туширилган лойиҳалар қаторига Қорақалпоғистон (Ўзбекистон таркибидаги суверен республика), Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида 16 та қуёш, шамол, иссиқлик ва гидроэлектр станциялари киради. Уларнинг умумий қиймати 3,3 миллиард долларни, умумий қуввати эса 3500 мегаваттни ташкил этади. Станциялар йилига 15 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариши ва мамлакатнинг умумий «яшил» энергия ишлаб чиқаришини 23 миллиард киловатт-соатга етказиши кутилмоқда.

Президент таъкидлашича, бу табиий газ истеъмолини қарийб 7 миллиард кубометрга камайтиради ва шу билан атмосферага 11 миллион тонна зарарли моддаларнинг чиқарилишининг олдини олади.

Мирзиёев томонидан ишга туширилган лойиҳалар рўйхатида умумий қуввати 1245 мегаватт бўлган 10 та энергия сақлаш тизимлари ҳам бор. Бу энг юқори юкламалар пайтида тармоққа қўшимча 1,5 миллиард кВт/соат электр энергиясини етказиб бериш имконини беради.

Қўшимча равишда ишга туширилаётган 11 та йирик подстанция ва 420 километр юқори кучланишли тармоқлар тизимнинг барқарор ишлашига хизмат қилади. Янги ташкил этилган йилига 15 мингта трансформатор ишлаб чиқарадиган Angren Energo ҳамда 155 та гидро-агрегат тайёрлаб берадиган Uzhydopower корхоналари иқтисодиётга муҳим ҳисса қўшади.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, энергетика соҳасида иккита асосий мақсад белгиланган.

«Биринчиси – барча тармоқ ва ҳудудлар учун ишончли ва узлуксиз энергия таъминотини йўлга қўйиш. Иккинчиси эса ана шу режамизни замонавий, экологик тоза ва қайта тикланувчи муқобил манбалар ҳисобидан амалга оширишдир», — деди Мирзиёев.

У сўнгги йилларда эришилган натижаларнинг бир қисмини санаб ўтди. Шундай қилиб, соҳага 35 миллиард долларлик хорижий инвестициялар жалб қилинди ва 9000 мегаватт янги қувватлар ишга туширилди. Натижада, электр энергияси ишлаб чиқариш 2017 йилдаги 60 миллиард кВт/соатдан бу йил 85 миллиард кВт/соатгача ошди.

Муҳими, умумий қуввати тахминан 5000 МВт бўлган қуёш ва шамол электр станциялари, шунингдек, 400 мегаватт қувватга эга гидроэлектростанциялар ишга туширилди. Умумий ишлаб чиқаришда «яшил» энергия улуши 30% га яқинлашди.

Ўзбекистон раҳбари энергетика соҳасида эришилаётган улкан ютуқ ва марраларда инвесторлар ва мамалакатимизнинг халқаро шерикларининг беқиёс ҳиссаси борлигини қайд этди. Мирзиёев келгуси 5 йилда 150 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ҳисобидан минглаб саноат ва инфратузилма объектларини ишга тушириб, юқори даромадли иш ўринлари яратилишини маълум қилди.

Энергетика лойиҳаларининг ишга туширилиши маросимида Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Озарбайжон ва Қирғизистоннинг тегишли вазирликлари вакиллари, халқаро молия институтлари топ-менежерлари ва Марказий Осиё республикасида лойиҳаларни амалга ошираётган Саудия Арабистони, Хитой, Франция, Германия, БАА, Туркия ва Қатарнинг йирик компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ