Сердар Бердимуҳамедов туркман халқига ўзининг тўртинчи китобини тақдим этди

Сердар Бердимуҳамедов янги китоби билан. tdh.gov.tm сайти фотосурати

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ўз муаллифлигида нашр этилган янги китобни тақдим этди. Давлат раҳбари 6 декабрь куни Туркманистон доимий бетарафлигининг 30 йиллиги шарафига бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида китоб якунланганини маълум қилди.

Китоб «Türkmenistanyň Bitaraplygy — parahatçylygyň we ynanyşmagyň aýdyň ýoly» («Туркманистоннинг бетарафлиги – тинчлик ва ишончнинг ойдир йўлидир») деб номланади. Унда доимий бетарафликнинг аҳамияти таъкидланган, «умумий тинчлик ва ишончни таъминлашга қаратилган тарихий ташаббуслар кенг ёритилган» ва «мамлакатнинг юксак ютуқлари ва муваффақиятлари акс эттирилган».

«Китоб халққа совға бўлади», — деди Бердимуҳамедов.

«Туркманистоннинг бетарафлиги – тинчлик ва ишончнинг ойдир йўлидир» — республиканинг амалдаги президенти томонидан ёзилган тўртинчи китобдир.

Биринчи китоб, «Ýaşlar – Watanyň daýanjy» («Ёшлар – мамлакат таянчи») 2023 йил декабрь ойида нашр этилган ва ёш туркман фуқароларининг ютуқлари ва муваффақиятларига бағишланган.

2024 йил март ойида Бердимуҳамедовнинг иккинчи китоби, «Änew – müňýyllyklardan gözbaş alýan medeniýet» («Анау – минг йилликлар тубидан қалқиган маданият») нашр этилди. Унда ўша йили турк дунёсининг маданий пойтахти деб эълон қилинган Анау шаҳри ҳақида ҳикоя қилинади.

Президентнинг учинчи китоби «Magtymguly – dünýäniň akyldary» » («Махтумқули – дунё донишманди») 2024 йил декабрь ойи охирида нашр этилди. У классик туркман адабиёти намояндаси Махтумқули Фироғийга (1724–1807) бағишланган.

ℹ️ Китоб нашр этиш Туркманистон президентлари учун анъанавий амалиёт. Улардан биринчиси, 1985 йилдан 2006 йилгача мамлакатни бошқарган Сапармурат Ниёзов (Туркманбоши) икки жилдли «Руҳнома» асарини ёзган ва уни «туркман халқининг маънавий конституцияси» сифатида тақдим этган. У йиллар давомида асосан ватанпарварлик ва лирик мавзуларга бағишланган бешта шеърий тўплам нашр этди.

Туркманистоннинг иккинчи президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 2007 йилдан 2024 йилгача бўлган даврида ўз номи билан 60 дан ортиқ китоб нашр этишга муваффақ бўлди. Улар соғлиқни сақлаш, Ахалтеке отлари, Алабай итлари, доривор ўсимликлар, сиёсат, энергетика, Туркманистон маданияти, мустақиллик ва бошқа кўплаб мавзуларни қамраб олади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ