КазТАГ раҳбариятига қарши жиноий иш қўзғатилди

kaztag.kz сайти фотосурати

Қозоғистон телеграф агентлиги (КазТАГ) бош директори Ассет Матаев ва бош муҳаррир Амир Касеновга қарши жиноий иш қўзғатилди. Улар Freedom Finance томонидан «компания раҳбарияти фирибгарлигига оид нашрлари юзасидан» берган шикояти асосида гумондор деб топилди, дея хабар беради КазТАГ.

Матаев ва Касенов 9 декабрь куни сўроқ учун полицияда ҳозир бўлишлари керак.

Хабарда айтилишича, КазТАГ тергов ҳақида 20 ноябрь куни оммавий ахборот воситаларидан хабар топган ва ишнинг ўзи 18 август куни қўзғатилган. Агентлик маълумотларига кўра, полиция суриштирув ва экспертизаларни бир неча ой давомида таҳририятга хабар бермасдан олиб борган. Адвокат Ерлан Макенов терговчилар агентлик раҳбариятига экспертиза билан танишишга ўз вақтида имкон бермагани ҳолда Қозоғистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси қоидаларини бузганини таъкидлайди.

Ўз навбатида, адвокат Рена Керимова КазТАГ раҳбарияти «белгиланган процедуралардан ташқари» гумондор сифатида топилганини айтади. «Уларсиз уларни гумондор сифатида тан олиниши учун бу кимсалар яширинган ёки терговдан қочиб юрган бўлишлари керак, ваҳоланки Матаев ҳам, Касенов ҳам терговдан қочмаган», — деб таъкидлайди у.

Kursiv.kz нашри хабар беришича, Матаев ва Касеновга қарши қўзғатилган иш атайлаб ёлғон маълумотларни тарқатиш билан боғлиқ бўлган. Гап миллиардер Тимур Турловнинг Freedom Finance компаниясида алданган омонатчилар ҳақидаги нашрлар ҳақида бормоқда, компания буни туҳмат ва манипуляция деб атаган.

КазТАГ нашрларнинг асосий манбаларидан бири адвокат Светлана Оралбаева бўлганини таъкидлайди, у омонатчиларнинг йўқотган пуллари, маблағлар оффшорга йўналтирилгани, шунингдек, агентликка мурожаат қилган бир нечта жабрланувчилар ҳақида гапириб берган.

Агентлик шунингдек, жиноий иш мамлакатда бўлажак президентлик сайловлари муносабати билан қўрқитиш мақсадида қўзғатилганини даъво қилади. Таҳририятга кўра, бу ишга президент администрацияси аъзолари ва «эски Қозоғистон» вакиллари алоқадор.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ