«Ўзбекнефтгаз» шўъба корхонаси Cargill корпорацияси орқали мамлакат иқтисодиётига $5 млрдгача маблағ жалб қилади

eliteautomate.com сайти фотосурати

«Ўзбекнефтгаз» АЖнинг шўъба корхонаси UNG Overseas ва Американинг Cargill корпорацияси Ўзбекистон иқтисодиётига 5 миллиард долларгача маблағ жалб қилишга келишиб олди, деб хабар беради «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати.

Томонлар маблағларни босқичма-босқич жалб қилишга келишиб олдилар. Дастлабки узоқ муддатли молиялаштириш лимити 3 миллиард доллар миқдорида белгиланган. Битимнинг асосий мақсадлари мамлакат энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва ресурслар таъминоти барқарорлигини оширишдир.

Маблағлар муҳим ҳаётий тизимлар: энергетика, сув ресурсларини бошқариш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни комплекс модернизация қилиш учун ишлатилади. Компания энергия истеъмолининг ўсиши ва иқлим ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда инфратузилмани янгилаш зарурлигини таъкидлайди. Бундан ташқари, инвестициялар саноатдаги тизимли хавфларни камайтириш, ресурсларни бошқариш самарадорлигини ошириш ва мамлакатнинг энергия мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган.

Жумладан, маблағлар уй хўжаликлари ва саноат корхоналарини барқарор энергия билан таъминлаш лойиҳаларига йўналтирилади.

Келишувларга кўра, UNG Overseas хорижий ҳамкорлар билан стратегия ва мувофиқлаштириш учун жавобгар бўлади. Глобал капитал бозорларида катта тажрибага эга бўлган Cargill режаларни амалга ошириш учун амалий ечимларни таклиф қилади.

«Ўзбекнефтгаз» имзоланган шартномани саноатнинг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш, Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларига хорижий инвестицияларни йўналтириш йўлида муҳим қадам деб атади.

Ўтган кузда Cargill «Ўзсаноатэкспорт» билан пахта етказиб бериш шартномасини, «Ўзбекгидроэнерго» билан эса молиявий ҳамкорлик шартномасини имзолади.

ℹ️ Cargill — Миннесота штатида жойлашган АҚШнинг энг йирик хусусий корпорацияси. 1865 йилда ташкил этилган компаниянинг глобал даромади 150 миллиард доллардан ошади ва 70 мамлакатда 160 000 дан ортиқ одамни иш билан таъминлайди. Cargill асосан дон савдоси ва озиқ-овқат ишлаб чиқаришда глобал етакчи сифатида танилган бўлса-да, унинг товар бозорларидаги хавфлар ва инвестицияларни бошқарадиган кучли молиявий хизматлар бўлими мавжуд. Марказий Осиёда компания тарихан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан савдо қилган. Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов даврида инсон ҳуқуқлари фаоллари Cargillни ўзбек пахтасини етиштиришда мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланилаётганига қарамай пахтани сотиб олаётгани учун танқид қилишганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ