Озарбайжон ва БАА Энергетика вазирлари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюришди

Делегация Ислом цивилизацияси марказида. Марказ матбуот хизмати фотосурати

Озарбайжон Энергетика вазири Парвиз Шаҳбазов ва БАА Энергетика ва инфратузилма вазири Суҳаил Ал Мазруи ўз делегациялари билан биргаликда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюришди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.

Вазирларнинг Ислом цивилизацияси марказига ташрифи уларнинг янги энергия қувватлари ва инфратузилма иншоотларининг ишга туширилишига бағишланган маросимда иштирок этганлари, шунингдек, Тошкентда янги лойиҳаларнинг ишга туширилиши ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувидан сўнг бўлиб ўтди.

Меҳмонлар Марказ фаолияти, музей экспонатлари, ноёб қўлёзмалар ва артефактлар ҳамда у ерда қўлланиладиган замонавий музей технологиялари билан танишдилар.

«Бу бинога назар ташлаганимданоқ, унинг ҳақиқатан ҳам мўъжиза эканини ҳис қилдим. Жуда гўзал, жуда бой иншоот. Бу фақат Ўзбекистон тарихига эмас, балки бизнинг умумий тарихимизга тегишли. Чунки халқларимиз қардош, илдизларимиз бир, тилимиз ва динимиз муштарак. Шу боис бу ердаги ҳар бир экспонат, ҳар бир артефакт ўзимизга ҳам яқин. Энг муҳими, ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу марказ орқали Ўзбекистон, Озарбайжон ҳамда барча туркий халқларнинг қадимий ва бой маданиятини муваффақиятли намойиш этяпсиз», — деди Озарбайжон Республикаси энергетика вазири Парвиз Шаҳбозов.

Меҳмон шунингдек, Марказ тадқиқотлари, халқаро ҳамкорлик дастурлари ва туркий давлатлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

«Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказига ташрифингиз биз учун катта шараф. Марказ барча туркий халқларнинг муштарак меросини бир масканда жамлаб, уни жаҳонга етказишни мақсад қилган. Экспозициямизни юқори баҳолаганингиз ва самимий мулоҳазаларингиз учун миннатдорчилик билдирамиз», — деди ўз навбатида Фирдавс Абдухолиқов.

Вазир Суҳаил Ал Мазруи Ислом цивилизацияси марказини «бебаҳо ижодий иш» ва «ўз тарихини қадрлайдиган мамлакат кўзгуси» деб атади.

«Ўзбекистоннинг буюк цивилизацияси ва ушбу Марказда жамланган илмий мероси ҳар қандай одамни ўзига жалб қилади. Унда нафақат ислом даврига, балки аввалги маданий қатламларга ҳам катта эътибор қаратилган. Марказ ўзбек олимларининг фаннинг турли соҳаларини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссасини чуқур ва ёрқин намойиш этади. Ушбу бебаҳо ижодий ташаббус учун мен Президент ва Ўзбекистон халқига чуқур ҳурматимни билдираман. Ушбу Марказ ўз тарихини юксак қадрлайдиган ва уни келажак авлодларга муносиб равишда етказишга интилаётган мамлакатнинг кўзгусидир», — деди ал-Мазруи.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.