Жаҳон банки Ўзбекистонга EduImkon дастури учун 250 миллион доллар ажратади

stat.uz сайти фотосурати

Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистон ҳукуматига 250 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллади. Ушбу маблағлар олий, техник ва касб-ҳунар таълимида талабаларни молиялаштиришга тенг имкониятларни кенгайтиришга қаратилган EduImkon дастурини амалга ошириш учун ишлатилади, дейилади халқаро ташкилот пресс-релизида.

Жаҳон банки ходимларининг сўзларига кўра, дастур уч йил давом этиши режалаштирилган. 2028 йил декабрь ойига келиб, ушбу лойиҳа доирасида тахминан 600 000 ёш талабаларнинг молиялаштириш имкониятидан фойдаланиши кутилмоқда. Улар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан мувофиқлаштирилган ҳолда ишлайдиган Ўзбекистондаги 12 та тижорат банкида талаба кредитларини олишлари мумкин бўлади.

EduImkon учун ажратилган маблағларнинг қарийб 80 фоизи, яъни 190 миллион доллардан ортиқ маблағ кам таъминланган оилалар ва қизларга, заиф гуруҳлардан бўлган талабаларга берилади.

Дастурнинг яна бир жиҳати талабаларни меҳнат бозорида талабгир юқори мутахассисликни танлашга ундашдир. Шунинг учун, талаба кредитларини ажратишда STEM (фан, технология, муҳандислик ва математика) ва IT соҳаларига устунлик берилади.

Қўшимча қилинишича, лойиҳа доирасида қўшимча 30 миллион долларлик хусусий капитални жалб қилиш режалаштирилмоқда. Ушбу маблағ талаба кредитлари имкониятларини кенгайтиришга ва Ўзбекистон давлат бюджетига юкламани камайтиришга ёрдам беради.

Умуман олганда, дастур бир қатор чора-тадбирларни ўз ичига олади, жумладан:

✅ талаба кредитлари тизимида бошқарув ва операцион жараёнларни модернизация қилиш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

✅ кредитга топширилган ризаларни кўриб чиқишни соддалаштириш ва тезлаштириш, шунингдек, жараён самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш учун ягона онлайн платформани ишга тушириш;

✅ ушбу гуруҳлар учун кредитга ариза бериш жараёнини соддалаштириш орқали кам таъминланган оилалар талабалари ва қизлар учун олий, техник ва касб-ҳунар таълимига киришни кенгайтириш;

✅ таълимни меҳнат бозори эҳтиёжлари билан уйғунлаштиришни яхшилаш;

✅ кам таъминланган талабаларни ва битирувдан сўнг вақтинчалик ишсизликка дуч келаётганларни қўллаб-қувватлаш учун қарз олувчининг даромадига боғлиқ тўловлар билан кредит тизимини ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш.

Жаҳон банки таҳлилчиларининг фикрича, Ўзбекистон ҳукумати таълим тизимини такомиллаштириш бўйича саъй-ҳаракатлар қилмоқда. 14-30 ёшдаги аҳолиси тахминан 10 миллион кишидан иборат мамлакатда бу жараёнга устувор аҳамият берилмоқда. Бу университетлар сонининг кўпайиши ва ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасининг ошишига олиб келди: 2017 йилдаги 8% дан 2024 йилги 48% гача.

Бироқ, бу асосан давлат томонидан субсидияланадиган талабалар кредитлари тизимига юкламани ҳам оширди. Бундан ташқари, меҳнат бозори билан аниқ ўзаро боғлиқлик йўқ, яъни таълим учун маблағлар келажакда мутахассисларга бўлган талабни ҳисобга олмаган ҳолда ажратилади, бу эса битирувчиларнинг юқори маошли иш топиш имкониятларини камайтиради. Бундан ташқари, қизлар талабаларнинг 55% ва кредит олувчиларнинг 80% ни ташкил этса-да, уларнинг атиги учдан бир қисми STEM йўналишида таҳсил олмоқда. Буларнинг барчаси EduImkon дастурини ишга туширишга туртки бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ