Москва вилоятидаги мактабда ўлдирилган тожик боласи она юртида дафн қилинди

қобилжон алиевнинг дафн маросими. «АЗИя-ПЛЮС» сайти фотосурати

16 декабрь куни Москва вилоятининг Одинцово шаҳридаги мактабда ўлдирилган ўн ёшли Қобилжон Алиев 18 декабрь куни она юрти — Тожикистоннинг Шаҳринав туманидаги Аджам қишлоғида дафн қилинди. Бу ҳақда «Азия-плюс» хабар берди.

Боланинг жасади 18 декабрь куни эрталаб Тожикистонга олиб келинди. Дафн маросимида нафақат Шаҳринав туманидан, балки республиканинг бошқа ҳудудларидан ҳам юзлаб одамлар иштирок этишди. Улар орасида кўплаб ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари бор эди. Хавфсизлик кучлари журналистларга дафн маросимини очиқчасига суратга олишни тақиқлади. Жаноза Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдулқодирзода иштирокида ўқилди.

Эслатиб ўтамиз, фожиали воқеа 16 декабрь куни содир бўлганди. Эрталаб Успенский мактабининг 15 ёшли ўқувчиси пичоқ ва газ баллони билан қуролланган ҳолда таълим муассасаси қўриқчисини яралаган ва 10 ёшли 4-синф ўқувчисини ўлдирган. Кейин у ўқувчилардан бирини гаровга олиб, синф хонасига беркиниб олган. Ўсмир мактабга келган хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинган ва сўроқ пайтида ўз айбига иқрор бўлган.

Тергов қўмитаси томонидан қотиллик ва одам ўлдиришга суиқасд моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган. Агар суд-психиатрия экспертизаси ўсмирни ақли расо деб топса, у ҳолда жиноятчи 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Версиялардан бирига кўра, жиноят мотивига ўсмирнинг ксенофобик қарашлари сабаб бўлган: ҳужумдан олдин у дуч келган ўқувчилардан қайси миллатга мансублигини сўраган ва бундан олдин у синфдошларига яҳудийлар, мусулмонлар, антифашистлар ва либералларга қарши тажовузкор шиорлар битилган «манифест»ини тарқатган. Бошқа маълумотларга кўра, унинг асосий нишони математика ўқитувчиси бўлган, ундан қасд олиш учун ўсмир қўлбола портловчи мослама тайёрлаган.

Алиев синфдошининг сўзларига кўра, ўқитувчи барча тўртинчи синф ўқувчиларини шошилинч равишда синфга олиб кираётганида, Қобилжон қуролланган ўсмирни чалғитишини айтиб, зинапоядан югуриб тушган, аммо қоқилиб йиқилган. Ўсмир унга етиб олиб, бир неча марта пичоқлаган.

Марҳум боланинг онаси шу мактабда фаррош бўлиб ишлаган. Маълумотларга кўра, у турмуш ўртоғи вафотидан сўнг икки фарзандини ёлғиз тарбиялаган.

Тожикистоннинг Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Омбудсмани россиялик ҳамкасбларини Қобилжон Алиевнинг ўлдирилишини батафсил ва холисона текширишга ва айбдорларни адолатли жазолашга чақирди. Россия томони кенг қамровли ва холис тергов ўтказилишини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўраётганини маълум қилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Москва вилоятидаги мактабда тожикистонлик фуқаронинг ўлдирилиши ҳақидаги оммавий ахборот воситалари хабарлари пайдо бўлгандан сўнг, вазирлик дарҳол Тожикистон элчихонасига ёрдам таклиф қилганини ва бунга жавобан ушбу фожианинг барча ҳолатларини холисона текширишни сўраб нота олганини маълум қилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги тожик томонига ҳамдардлик билдирди.

Успенская мактабида юз берган фавқулодда вазият икки мамлакат Хавфсизлик кенгашлари котиблари Сергей Шойгу ва Юсуф Раҳмон томонидан ҳам муҳокама қилинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ