Путин Москва вилояти мактабида тожикистонлик боланинг ўлдирилишини «теракт» деб атади

Эмомали Раҳмон ва Владимир Путин. ТАСС видеосидан кадр

Россия президенти Владимир Путин Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан учрашувда Одинцово туманидаги Горки-2 қишлоғи мактабида тожикистонлик Қобилжон Алиевнинг яқинда вафот этгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди ва бу воқеани теракт деб атади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

«Икки томонлама учрашувимизни сизга ва бир неча кун олдин вафот этган тожикистонлик боланинг оиласига самимий ҳамдардлик билдиришдан бошламоқчиман. Болаларга қарши террорчилик ҳужумлари ўта оғир жиноятдир ва шубҳасиз, тергов якунига етказилади ва айбдорлар, албатта, жазоланади», — деди Путин.

Таъкидлаш жоиз, қотил, 15 ёшли Тимофей K.га қарши «одам ўлдириш» ва «икки ёки ундан ортиқ одамни ўлдиришга суиқасд» моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган. ОАВ Қобилжоннинг ўлимига сабаб бўлган ҳужумни «фожиа», «воқеа», «бахтсиз ҳодиса», «фавқулодда вазият» ёки «пичоқлаш» деб таърифлади.

Эслатиб ўтамиз, фожиали воқеа 16 декабрь куни содир бўлганди. Эрталаб Успенский мактабининг 15 ёшли ўқувчиси пичоқ ва газ баллони билан қуролланган ҳолда таълим муассасаси қўриқчисини яралаган ва 10 ёшли 4-синф ўқувчисини ўлдирган. Кейин у ўқувчилардан бирини гаровга олиб, синф хонасига беркиниб олган. Ўсмир мактабга келган хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинган ва сўроқ пайтида ўз айбига иқрор бўлган.

Тергов қўмитаси томонидан қотиллик ва одам ўлдиришга суиқасд моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган. Агар суд-психиатрия экспертизаси ўсмирни ақли расо деб топса, у ҳолда жиноятчи 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Версиялардан бирига кўра, жиноят мотивига ўсмирнинг ксенофобик қарашлари сабаб бўлган: ҳужумдан олдин у дуч келган ўқувчилардан қайси миллатга мансублигини сўраган ва бундан олдин у синфдошларига яҳудийлар, мусулмонлар, антифашистлар ва либералларга қарши тажовузкор шиорлар битилган «манифест»ини тарқатган. Бошқа маълумотларга кўра, унинг асосий нишони математика ўқитувчиси бўлган, ундан қасд олиш учун ўсмир қўлбола портловчи мослама тайёрлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ