Қозоғистон парламентида Roblox ўйин платформасига киришни чеклаш масаласи кўрилмоқда

Wikimedia Commons сайти фотосурати

Қозоғистон Мажилиси (парламентнинг қуйи палатаси) аъзоси Унзила Шапак Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлигига Roblox ўйин платформасининг хавфларига оид сўровнома юборди, деб хабар беради Forbes.kz.

Шапакнинг сўзларига кўра, Мажилиснинг Ижтимоий ва маданий ривожланиш қўмитасига фуқаролардан ушбу масала бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушган.

«Ота-оналар, ўқитувчилар ва халқаро экспертлар Roblox болаларнинг ақлий ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан тобора кўпроқ хавотир билдирмоқдалар», — дейди депутат.

Унинг сўзларига кўра, болаларда «виртуал қарамлик», тажовузкор хатти-ҳаракатлар ва «реал ҳаётдан узоқлашиш» ҳолатлари кузатилган. Унзила Шапак шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан жиноий ниятда бўлган шахслар, жумладан, педофиллар ва фирибгарлар Roblox каби очиқ онлайн платформаларда фаолият юритаётганини таъкидлайди. Улар ўйин ичидаги виртуал чат орқали боланинг ишончини қозонишади ва кейин суҳбатни Robloxдан Telegramга ўтказиб, уларни махфий учрашувларга таклиф қилишади.

Депутат Маданият вазирлиги ўтган ёзда Robloxни блоклаш ёки чеклашни кўриб чиқмаганини эслатди ва шунга қарамай, давлат идоралари, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар болаларни ахборотнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилишга мажбур эканлигини таъкидлади. Шу муносабат билан депутат Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги раҳбарига қуйидаги саволлар билан мурожаат қилди:

▪️ Қозоғистон Республикаси Roblox платформасининг болалар ва ўсмирларга психологик ва ижтимоий таъсири бўйича бирон бир махсус тадқиқот ўтказдими?

▪️ Қозоғистон бошқа мамлакатларнинг Robloxни блоклаш тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ушбу платформа учун чекловлар ва қўшимча мониторинг механизмларини жорий қилишни кўриб чиқяптими?

▪️ Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура онлайн ўйин платформаси орқали содир этилган фирибгарлик ёки товламачилик каби бирон бир ҳуқуқбузарликни қайд этганми?

ℹ️ Roblox — шундай онлайн платформаки, унда фойдаланувчилар ўйин ўйнаши ва уни яратиши, шунингдек, бир-бири билан мулоқот қилишлари мумкин. Компания маълумотларига кўра, платформада тахминан 151,5 миллион фаол фойдаланувчи, асосан мактаб ўқувчилари ва ўсмирлар мавжуд.

2025 йил декабридан бери Қозоғистон қўшниси Россияда Robloxга кириш тақиқланган. Мамлакатнинг коммуникацияларни назорат қилиш бўйича федерал агентлиги Роскомнадзор платформада «ЛГБТ тарғиботи» ва экстремизмга оид контент тарқатилаётгани ҳақида хабар берган (ЛГБТ РФда экстремистик ҳаракат сифатида тан олинган ва тақиқланган).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ