Тожикистон-Афғонистон чегарасида 18 январь кечаси тўрт қуролли жангари Тожикистонга ноқонуний равишда ўтишга уринаётганда ўлдирилди. Бу ҳақда Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Чегара қўшинлари матбуот маркази хабар берди.
Воқеа соат 12:30 атрофида Шамсиддин Шохин туманида жойлашган «Ёл» чегара отрядининг «Хирманжо» 7-чегара пости қўриқлаётган ҳудуднинг чап қанотидаги 151/2-сонли чегара белгисида содир бўлган. Босқинчилар Афғонистоннинг Бадахшон вилоятидаги Дарбандак қишлоғидан Тожикистонга киришган. Чегарачилар уларни кўриб, таслим бўлишни буюришган. Бироқ, босқинчилар бўйсунишдан бош тортиб, қуролли қаршилик кўрсатишган. Отишмада тўрт киши ўлдирилган.
Воқеа жойидан учта Калашников русумидаги ўқотар қурол, битта хорижий ишлаб чиқарилган «Круз» милтиғи, олтита ўқ чакмони, 183 та АК ва тўппонча ўқ-дорилари, учта мобил телефон, радио ва қайиқ мусодара қилинган. Тожикистон чегарачилари орасидаги қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.
Ҳолат бўйича Тожикистон Жиноят кодексининг 179 («Терроризм»), 335 («Тожикистон Республикаси давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш») ва 195 («Қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портловчи қурилмаларни ноқонуний равишда олиш, бошқа шахснинг мулкига ўтказиш, сақлаш, ташиш ва олиб юриш») моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган. Тергов ишлари олиб борилмоқда.
Чегара қўшинлари ўлдирилган шахсларни террорчи ташкилот аъзолари деб ҳисоблайди. Афғонистондаги Amu.tv манбалари уларнинг гиёҳванд моддалар сотувчилари бўлганига ишонишади.
Давлат чегарасидаги вазият ҳозирда назорат остида. Чегара қўшинлари «мамлакат хавфсизлигини таъминлаш ва чегара қоидабузарларига муносиб, қонуний жавоб бериш учун барча куч ва воситалардан фойдаланишда давом этишини» маълум қилди.
Бу 2025 йил ноябрь ойи охиридан бери Тожикистон-Афғонистон чегарасида қуролли босқинчилар иштирокида юз берган тўртинчи ҳодиса ҳисобланади. 2025 йил 26 ва 30 ноябрь кунлари содир бўлган иккита ҳужумда беш нафар Хитой фуқароси ҳалок бўлган ва беш нафари яраланганди. 24 декабрь куни қуролли тўқнашувда икки тожик чегарачиси ҳалок бўлганди.
Декабрь ойи бошида Тожикистон ва Афғонистон Ташқи ишлар вазирлари қўшма хавфсизлик қўмиталарини ташкил этиш ва чегарачилар ўртасида мунтазам алоқалар ўрнатишга келишиб олгандилар. Иккала томон ҳам ҳужумлар учун Кобул ва Душанбе ўртасидаги ишончни бузишга интилаётган «бузғунчм гуруҳлар»ни айблаганди.



