Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва унинг қозоғистонлик ҳамкасби Қосим-Жомарт Тўқаев АҚШ президенти Дональд Трамп ташаббуси билан ташкил этилган Тинчлик кенгаши низомини имзоладилар. Маросим Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида бўлиб ўтди ва Оқ уй YouTube-каналида намойиш этилди.
Ҳужжатни 19 мамлакат вакиллари имзоладилар. Улар орасида: Арманистон, Аргентина, Озарбайжон, Болгария, Венгрия, Индонезия, Иордания, Косово, Покистон, Парагвай, Қатар, Саудия Арабистони, АҚШ, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мўғулистон.
Оқ уй матбуот котиби Керолин Левитт Тинчлик кенгаши расман халқаро ташкилотга айланганини таъкидлади. Унга бошқа давлатлар ҳам қўшилиши мумкин. Дональд Трамп, ўз навбатида, маросимда Кенгаш БМТ билан ҳамкорликда ишлашини ва «тарихдаги энг муҳим ташкилотлардан бирига айланиш учун барча имкониятларга эга» эканини айтди.
Трамп ўтган ҳафта охирида Тинчлик кенгаши ташкил этилганини эълон қилди. Унга АҚШ президенти раислик қилади. Бошқа аъзолар орасида АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф, инвестор Жаред Кушнер, Буюк Британиянинг собиқ Бош вазири Тони Блэр, Жаҳон банки бош директори Ажай Банга ва АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Роберт Габриел бор. Кенгаш дастлаб Ғазо секторида тинчлик шартларига риоя қилинишини назорат қилиш учун мўлжалланган эди, аммо бугунги маросимда махсус вакил Стив Уиткофф ташкилот «бошқа жойларда» ҳам фаолият юритишини таъкидлади.
Россияни ҳам қўшган ҳолда, эллик саккизта давлат Кенгашга қўшилиш таклифномасини олган. Россия президенти Владимир Путин кеча Вашингтонга ташкилотга қўшилиш таклифи учун миннатдорчилик билдирди. РИА Новости хабар беришича, Москва Ташқи ишлар вазирлиги ҳужжатларни кўриб чиқиб, ҳамкорлари билан маслаҳатлашгандан сўнг жавоб беради. Путин шунингдек, фаластинликларга ёрдам бериш учун 1 миллиард доллар (Кенгашга доимий аъзолик учун зарур бўлган миқдор) ажратишга ва шу мақсадда музлатилган активлардан фойдаланишга тайёрлигини билдирди.



