Польшалик депутатлар Ислом цивилизацияси марказини кўздан кечирдилар

Польшалик депутатлар. cisc.uz сйти фотосурати

Польша парламенти қуйи палатасининг Ташқи ишлар қўмитаси раиси Павел Коваль бошчилигидаги депутатлар делегацияси Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.

Меҳмонлар Марказ музей кўргазмасини, жумладан, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, Исломгача бўлган давр ва Янги Ўзбекистон залларини, шунингдек, Қуръонлар залини кўздан кечирдилар.

Павел Коваль музейни ноёб жой деб атади ва мамлакат тарихини тақдим этишнинг замонавийлиги, шу билан бирга ғамхўрлик ва сезгирлигини таъкидлади.

«Назаримда, бу жойнинг асосий мазмуни жуда оддий: Ўзбекистон қадимги цивилизация, кўплаб замонавий Европа давлатлари пайдо бўлишидан анча олдин мавжуд бўлган маданиятнинг бир қисмидир. Мамлакат фуқаролари, бу ерда яшовчи халқлар бу ернинг ҳақиқий эгаларидир. Улар чуқур ва бой диний ва маданий анъаналар асосида замонавий ҳаёт ва бугунги воқеликни қурмоқдалар. Ва бу энг муҳимидир. Менимча, музейга ташриф буюрган ҳар бир киши тезда бир нарсани тушунади: ўзбеклар ўз ерларида яшайдилар ва ҳеч кимга ҳеч нарсани исботлашлари шарт эмас. Улар шунчаки ўз анъаналари, тарихий мероси ва қадриятларидан фойдаланиб, глобал жараёнларга катта ҳисса қўшадилар. Бу жой тарихни, дунёга миллатнинг ўзига хослиги, мустақиллиги ва маданий меросини намойиш этади», — деди Коваль.

Польша инвестиция ва савдо агентлиги бошқаруви раиси Анджей Дича Марказни Ўзбекистоннинг пойдевори бўлмиш минг йиллик тарихини жамлаган макон деб атади.

«Марказ таъсирчан ва Ўзбекистоннинг тарихий пойдевори нақадар мустаҳкам эканини яққол намойиш этади. Айнан шунинг учун ҳам ўзбек халқи Польшада ва бутун Европада ҳурматга сазовор. Бунинг асосий сабаби уларнинг бой тарихий ва маданий меросидир. Менимча, айнан шу бой тарихий пойдевор замонавий Ўзбекистон ривожланишига, жумладан, Тошкентнинг тез суръатлар билан ўсишига бевосита таъсир қилади. Ўтмиш ва ҳозирги замон ўртасида мустаҳкам боғлиқлик мавжуд: ўтмишдаги ютуқлар ҳозирги ислоҳотлар ва ривожланиш жараёнларида акс этмоқда», — деди Диха.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган. Марказнинг очилиши 2026 йил баҳорига режалаштирилган.