Қозоғистонда ҳарбий хизматчилар ўлими ортидан офицерлар жазоланади ва ҳарбий қисмларда назорат кучайтирилади

informburo.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Мудофаа вазирлиги жорий йил бошидан бери бир нечта ҳарбий хизматчининг ўлими ортидан «фавқулодда чоралар»ни кўрди, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.

Жумладан, интизом ва тарбиявий ишлар устидан назорат, қурол билан ишлаш ва машғулотлар учун хавфсизлик талаблари кучайтирилди. Барча ҳарбий қисмларга ҳарбий хизматчиларнинг психологик ҳолатини қайта баҳолаш учун комиссиялар юборилди.

Вазирлик шунингдек, қўмондонлар ва сержантларнинг шахсий жавобгарлигини оширди, «ҳарбий полиция томонидан кенг қамровли текширувлар»ни ташкил қилди ва шахсий таркиб устидан, жумладан хизматдан ташқари вақтда ҳам 24 соатлик мониторингни жорий этди.

Бундан ташқари, аскарлар ва уларнинг оилалари ўртасида доимий видеоалоқа ўрнатилди ва бўлинма командирларига ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари билан расмий алоқа каналлари орқали мунтазам алоқада бўлиш вазифаси юклатилди.

«Тергов ишлари натижаларига кўра, «Шарқ» минтақавий қўмондонлиги қўмондони, штаб бошлиғи ва тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари интизомий жавобгарликка тортилди. Ҳарбий қисм қўмондони, унинг ўринбосари ва аскар ҳалок бўлган батальон командири ўз вазифаларидан озод қилинди», — деб таъкидлайди Қозоғистон Мудофаа вазирлиги.

Вазирлик марҳумларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди ва Қуролли Кучлар қўмондонлиги хизмат хавфсизлиги учун ўз масъулиятини англашини таъкидлади.

Қозоғистон армиясида ҳарбий хизматчилар мунтазам равишда ҳалок бўлаётгани кузатилади ва бу факт нафақат фаоллар, балки президент Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан ҳам бир неча бор таъкидланган. Ўтган ёзда у Мудофаа вазири Даурен Косановга «армиядаги фожиали ҳодисалар сонини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш»ни буюрган эди. Бироқ, нохуш ҳодисаларнинг сони ҳали ҳам камаймаган. Биргина шу йилнинг январь ойида учта ўлим ҳолати қайд этилган: 23 январда муддатли ҳарбий хизматчи Уст-Каменогорск гарнизонидаги ҳарбий қисмда қоровуллик пайтида ўқдан яраланиш оқибатида вафот этган. 27 январда яна бир муддатли ҳарбий хизматчи Жамбил вилоятида қурол билан ишлаётганда ҳалокатли яраланган. 6 январда Қозоғистон Республикаси Миллий гвардиясининг муддатли ҳарбий хизматчиси Чимкентда вафот этган. Унинг тўсатдан юраги уришдан тўхтаб қолган.