2025 йили Душанбе халқаро аэропорти чет элда вафот этган 1585 нафар тожикистонлик жасадини қабул қилди, бу 2024 йилга нисбатан 430 тага кўп. Ушбу статистикани «Азия-Плюс» нашри пойтахт аэропорти матбуот хизматига таяниб хабар қилди.
Душанбе аэропорти ходимлари тобутлар қайси мамлакатлардан келганини аниқламаган. Бироқ, оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, бундай юкларнинг аксарияти кўплаб тожикистонлик мигрантлар яшайдиган Россиядан келган бўлиши мумкин. Ушбу мамлакатда чет эл фуқароларининг ўлими ҳақидаги хабарлар мунтазам ёритилади, улар кўпинча — қурилишдаги бахтсиз ҳодисалар, йўл-транспорт ҳодисалари, касаллик ёки қотилликлар билан боғлиқ бўлади.
Масалан, 11 январь куни Россияда газдан заҳарланиб вафот этган тожик оиласининг уч аъзоси жасади уйга қайтарилгани ҳақида хабар берилган эди. Улар Кушонён туманидаги Шедруд қишлоғида дафн этилган.
Аввалроқ, 10 ёшли Қобилжон Алиевнинг ўлдирилиши кенг жамоатчилик норозилигига сабаб бўлганди. Ҳодиса ўтган йил декабрь ойида Москва вилоятида содир бўлган, ўшанда мактаб ўқувчиси пичоқ ва газ баллони билан мактабга боран. Ўсмир миллатчилик кайфиятидан келиб чиқиб, тожикистонлик болани пичоқлаб, ўлдирган. 18 декабрь куни Қобилжон Шаҳринав туманидаги Ажам қишлоғида дафн этилган. Дарвоқе, Тожикистон расмийлари Россия ҳуқуқ-тартибот идораларини Қобилжон Алиевнинг ўлдирилишини батафсил ва холисона текширишга ва айбдорларни адолатли жазолашга чақирганди.
«Азия-Плюс» нашрининг қўшимча қилишича, Тожикистон фуқаро авиацияси агентлиги мамлакатдаги бошқа халқаро аеропортлар бўйича статистик маълумотларни тақдим этмаган. ОАВ хабарларига кўра, ўтган йили чет элда ҳалок бўлган 38 тожикистонлик Кулобга вертолётда олиб келинган. Хўжанд ва Бохтар аэропортларига оид ҳеч қандай маълумот йўқ.



