Тожикистон Премьер-лигасининг энг яхши тўпурари «Истиқлол»ни тарк этди

Пол Комолафе. ТФФ матбуот хизмати фотосурати

Тожикистон Премьер-лигасининг амалдаги чемпиони «Истиқлол» ўтган мавсумнинг энг яхши тўпурари Пол Комолафе билан шартномани узайтирмади. Бу ҳақда жамоа матбуот хизмати маълум қилди.

«Истиқлол» ФК ҳужумчи Пол Комолафе билан муддати тугаган меҳнат шартномасини узайтирмасликка қарор қилди. Шундай қилиб, у эркин агентга айланди ва фаолиятини бошқа жойда давом эттиради. «Истиқлол» клуби маъмурияти Пол Комолафега миннатдорчилик билдиради ва унга келажакдаги фаолиятида муваффақиятлар тилайди», — дейилади хабарда.

Ўтган мавсумда футболчи ёзда ўзи қўшилган «Хўжанд» ва «Истиқлол» жамоалари учун лигада 12 та гол урди. Шунингдек, у ОФК Чемпионлар лигаси 2-турининг олтита ўйинида «пойтахтликлар» учун яна иккита гол урди.

Нигериялик футболчининг ўрнига «Истиқлол» яна бир хорижий ҳужумчи – «Вахш»дан украиналик Дмитрий Билоног билан шартнома тузди.

Аввалроқ, «Истиқлол»ни ўтган мавсумда ўйнаган деярли барча хорижлик футболчилар, жумладан, эронлик Реза Деҳғани ва Сиявуш Ҳақназари, албаниялик Рудольф Туркай, сербиялик Никола Стошич ва ўзбекистонлик Марлен Чобанов тарк этганди. Сербиялик дарвозабон Стефан Купич билан шартнома имзолаш ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда.

Ҳозирда клубнинг легионерлар рўйхатида фақат Билоног ва россиялик ҳимоячи Кирилл Суслов бор, аммо Суслов машғулотларда кўринмади ва жамоада қолишиэеҳтимолдан йироқ.

«Фарғона» нашри маълумотига кўра, Виталий Левченко «Истиқлол»нинг янги бош мураббийи этиб тайинланган. Тез орада бу ҳақда расман эълон қилинади ва мураббий шахсан таркибни шакллантира бошлайди.

Тожикистон чемпионатининг келгуси мавсумида клубларга етти нафар хорижлик футболчини рўйхатдан ўтказишга рухсат берилган, аммо бир вақтнинг ўзида майдонда беш нафардан ортиқ хорижлик футболчи бўлиши мумкин эмас.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ