«Шал, кет!» шиори муаллифи Қозоғистоннинг янги Конституциясига оид постлари учун ҳибсга олинди

Ермек Наримбай. КазТАГ сайти фотосурати

Остона суди сиёсий фаол Ермек Наримбайни Қозоғистоннинг янги Конституциясига оид ижтимоий тармоқлардаги постлари учун икки ойга ҳибсга олди. Бу ҳақда унинг адвокати Василий Садиқов Vласть.kz нашрига хабар берди.

«Кеча у икки ойга, 3 апрелгача ҳибсга олинди. Унга [Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг] 430-моддаси — ҳукмни бажармаслик бўйича айблов қўйилган», — дейди адвокат. Ушбу моддага кўра, фаол эркинликни чеклаш ёки қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Садиқовнинг сўзларига кўра, айблов Наримбайнинг конституциявий ислоҳотлар ҳақидаги фикрларини ижтимоий тармоқларда жойлаштиргани билан боғлиқ бўлган. Суд илгари унга «жамоат, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий масалалар билан шуғулланишни» тақиқлаган эди.

«Айнан шу сабабли. Унга тақиқ қўйилганди. Аммо уни Бишкекда ҳибсга олишди, сўнг Қозоғистонга олиб келишди», — деди адвокат.

Номи тилга олинган постлар фаолнинг Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида мавжуд. Унда, жумладан, парламент сайловларида мажоритар тизимнинг бекор қилиниши «парламентни Оқўрда учун ноқулай бўлган шахслардан тозалайди» ва таклиф қилинган ислоҳотлар «назорат остидаги тизимни сақлаб қолади» дейилган.

Наримбай бир кун олдин Қирғизистонда ҳибсга олинган, у бу ерда меҳмонда бўлган. Журналист Луқпан Аҳмедяровнинг сўзларига кўра, фаол суд қарорисиз Қозоғистонга депортация қилинган.

Ермек Наримбай «Шал, кет!» ва «Назарбаев кет!» шиорлари муаллифидир. У Қозоғистон банклари мижозлари ҳуқуқларининг фаол ҳимоячиси сифатида кўпроқ танилган. 2016 йили Наримбай «Кўчадаги шамол» китобидан парча чоп этганидан сўнг одамлар орасида ихтилоф уйғотишда айбланган. Фаол уч йиллик озодлик чекловига ҳукм қилинган, бироқ у Қозоғистонни тарк этиб, Украинага кўчиб ўтишга муваффақ бўлган. 2022 йил февраль ойида, январь воқеаларидан сўнг Наримбай ватанига қайтганида пробация назоратини бузгани учун тергов изоляторига жўнатилган. У 2023 йили озод этилган.