Осиё Футбол Конфедерацияси (ОФК) 2031 ва 2035 йилги Осиё Кубокларини ўтказиш учун номзодларнинг якуний рўйхатини эълон қилди. Унга Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг қўшма аризаси ҳам киритилган. Бу ҳақда ОФК расмий сайтида хабар берилди.
ОФК президенти Шайх Салмон бин Халифанинг таклифига биноан, 2031 ва 2035 йилги Осиё Кубокларини ўтказиш вариантлари махсус конгрессда кўриб чиқилади, унинг санаси ҳали эълон қилинмаган.
Австралия, Ҳиндистон, Индонезия, Жанубий Корея ва Қувайт 2031 йилги Осиё Кубогини ўтказиш учун курашмоқда. Марказий Осиёнинг учта мамлакати — Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон қўшма ариза топширишди. БАА ўз аризасини қайтариб олди.
Австралия, Япония, Жанубий Корея ва Қувайт 2035 йилги Осиё Кубогини ўтказиш учун ариза топширишди. Марказий Осиё мамлакатлари бундан ўзини тийди.
«Фарғона» мутахассислардан Марказий Осиё республикаларининг Осиё Кубогини потенциал равишда ўтказишга тайёрлиги ҳақида фикр билдиришларини сўради.
Таниқли қирғиз журналисти ва «Дордой» футбол клуби матбуот ходими Тенгербес Мусаев бундай катта турнирни ўтказишда юқори даражада масъулият юкланишини таъкидлайди.
«Ҳозирда Қирғизистоннинг кейинги Осиё Кубогини ўтказиш имконияти ёки тайёрлиги ҳақида гапирганда, мен аниқ жавоб беришга қийналаман, чунки Осиё Кубоги нима эканини тушунаман. Мен сўнгги иккита қитъа чемпионатида оммавий ахборот воситалари ходими бўлиб ишлаганман. Турнирнинг масъулияти ва даражаси жуда юқори. Қирғизистон турли хил турнирларни ўтказишда катта тажрибага эга, аммо фақат саралаш босқичида. Биз ҳали ОФК турнирларининг финал босқичларини ўтказмадик, бу асосан объектив сабабларга боғлиқ: инфратузилма ва инсон ресурсларининг етишмаслиги. Бу би томондан.
Бошқа томондан, мамлакатимизда футбол ривожланиш суръати чиндан ҳам инсонни завқлантиради. Фақат сўнгги бир неча йил ичида аввалги даврларга қараганда кўпроқ нарсага эришилди. Бу, албатта, биринчи навбатда, мамлакат юқори лавозимли амалдорларининг шахсий қизиқишига боғлиқ.
Ҳаммаси келажакдаги қадамлар ва ривожланиш суръатларига боғлиқ: масалан, 2026 йилда белгиланган талабларга максимал даражада риоя қилинишини таъминлаш учун қанча иш қилинади. Бу мезбон стадионларнинг ўзига, шунингдек, меҳмонхоналар, машғулот майдонлари, аэропортлар ва бошқаларга қўйиладиган талабларга тегишли, лекин... Уч мамлакат ўртасидаги логистика ҳақида гапириб ўтамиз. Шунингдек, қўшниларимиз халқаро мусобақаларни ўтказишда катта тажрибага эга экани бизга фойда келтиради. Масалан, Ўзбекистон икки йил олдин ФИФА футзал бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган ва келаси йили Озарбайжон билан биргаликда 20 ёшлилар Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Шунинг учун биз нафақат мезбонлик қилиш ҳуқуқига умид қилишимиз, балки ўзимиз ҳам барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишимиз керак», — дейди Мусаев.
Тожикистон Футбол Федерацияси матбуот хизмати раҳбари Фаридун Салиев Марказий Осиё мамлакатлари бу вазифани уддалай олишига ишонади, аммо ОФКга ирода керак.
«Осиё Кубоги ҳеч қачон Марказий Осиёда ўтказилмаган ва уни ўтказиш катта туртки бўлади. Футбол инфратузилмасига эга бўлмаган мамлакатлар бунга эришадилар ва бу уларга келгуси йилларда узоқ хизмат қилади (масалан, Россияда 2018 йилги Жаҳон чемпионати учун қурилган стадионлар). Салбий томони шундаки, ҳозирда Осиё Кубоги ўйинларини ўтказиш учун тайёр инфратузилманинг йўқлиги. Муайян логистика муаммолари ва виза тартиблари мавжуд, аммо буларнинг барчасини ҳал қилиш мумкин. Агар ОФК Марказий Осиё мамлакатларида футбол инфратузилмасини яхшилашга тайёр бўлса, 2031 йилги Осиё Кубоги бизнинг минтақамизда ўтказилади», — деди Салиев.
Ўзбекистонлик машҳур блогер ва «Сурхон» футбол клуби матбуот котиби Евдоким Раимов Ўзбекистоннинг Осиё Кубогини ўтказишга тайёрлигига ишонади.
«Ўзбекистон энг юқори даражада турнирларни ўтказишга тўлиқ тайёр. Бизда 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги Осиё кубоги ва ФИФА футзал бўйича Жаҳон чемпионатини ўтказиш тажрибаси бор. Шундай қилиб, инфратузилма нуқтаи назаридан деярли керакли тажриба бор. Мамлакатда футбол ривожланмоқда. Мухлислар миллий чемпионат ўйинларига ташриф буюришдан ва миллий терма жамоани қўллаб-қувватлашдан завқланишади. Афсуски, Қирғизистон ва Тожикистондаги вазиятни баҳолаш мен учун қийин. Бироқ, ариза топширилгани уларнинг ниятлари жиддий эканини тасдиқлайди деб ўйлайман. Марказий Осиё мамлакатлари ҳеч қачон Осиё кубогини ўтказмаган, шунинг учун менимча, бу минтақада футболни ривожлантириш учун адолатли ва фойдали туртки бўлади», — деди Раимов.



