Қирғизистон МХДҚ жамоатчиликни Ташиев истеъфоси фонида хавфсизлик хизматини танқид қилмасликка чақирди

knews.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) бир неча кун олдин ташкилот раҳбари Камчибек Ташиев истеъфога чиққанидан сўнг ахборот маконида қўмитани обрўсизлантиришга уринишлар кузатилганини маълум қилди. Шунинг учун хавфсизлик хизмати жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари ва ҳукумат мулозимларини шахсий таркибга нисбатан қаттиқ танқидлардан тийилишга чақирди, дея хабар беради Kaktus.Media МХДҚ матбуот марказига таяниб.

Хавфсизлик идоралари расмийлари ташкилот раиси ўзгарганидан сўнг, «давлат муассасаларига жамоатчилик ишончини йўқотишга қаратилган бир томонлама баёнотлар ва шарҳлар» тарқатилаётганини таъкидламоқда. Қўмита МХДҚ мамлакат олий бош қўмондонига (Қирғизистон президенти – «Фарғона изоҳи) ҳисобот беришини ва Конституция ва амалдаги қонунчилик доирасида фаолият юритишини яна бир бор таъкидлади. Унинг иши «қонунийлик, холислик ва жамоатчилик олдида жавобгарлик» принципларига асосланган».

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази ташкилотнинг устувор вазифалари ҳам санаб ўтди: миллий хавфсизликни таъминлаш, конституциявий тузумни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, терроризм, экстремизм, коррупция ва бошқа таҳдидларга қарши курашиш.

Шу билан бирга, қўмита ҳар қандай савол ва хавотирлар фақат қонуний доирада — фактлар ва тасдиқланган маълумотларга асосланиб кўриб чиқилиши кераклигини таъкидлади. Далилларни тақдим этмасдан давлат идораларининг обрўсига путур етказишга уринишлар нафақат қўмитанинг ўзига, балки «жамиятдаги умум ишонч даражасига» ҳам зарар етказади.

МХДҚ ташкилот ходимлари ўз вазифаларини виждонан ва масъулият билан бажаришини, миллий хавфсизликни таъминлаш бўйича ишлар халқ ва давлат манфаатлари йўлида изчил ва принципиал тарзда давом этишини қўшимча қилди.

10 февраль куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Камчибек Ташиевни лавозимидан озод қилгани маълум қилди. Генерал-майор Жумгалбек Шабданбеков қўмита раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Кейинчалик маълум бўлишича, бу пайт Ташиев Германияда тиббий кўрикдан ўтаётган бўлган. Офицернинг сўзларига кўра, унинг ишдан бўшатилиши ҳақидаги хабар кутилмаган бўлган. Бироқ, у, қандай вазиятда бўлишидан қатъи назар, президентнинг қарорлари бажарилиши кераклигини таъкидлаган.

Шунингдек, 10 февраль куни давлат раҳбари Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида таркибий ўзгаришларни тасдиқлади. У қўмита таркибидан Чегара хизматини олиб ташлади ва МХДҚнинг тўққизинчи хизмати негизида Қирғизистон президенти ҳузуридаги Давлат муҳофазаси хизматини ташкил этиш тўғрисида фармон чиқарди. Мазкур ташкилот тўғридан-тўғри давлат раҳбарига бўйсунади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ