13 февраль куни Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳукумат лавозимларидаги мулозимларни ишдан олиш ва уларнинг ўрнига бошқаларни тайинлаш тўғрисида 50 дан ортиқ фармон ва қарорларни имзолади.
Бош вазир ўринбосарлари Мамметхон Чакиев, Байрамгул Ораздурдиева ва Ботир Аманов лавозимларидан озод қилинди. Сабаби келтирилмаган. Уларнинг лавозимларини «Туркманистон денгиз ва дарё транспорти» агентлигининг собиқ раиси Ботир Аннаев, Туркманистон давлат архитектура ва қурилиш институтининг собиқ ректори Ботир Маммедов ва «Туркманефть» давлат концернининг собиқ раиси Гуванч Агаджанов эгаллади.
Бир нечта вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳам ишдан бўшатилди.
Мират Маммедов нафақага чиқиши муносабати билан Туркманистон Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт саноати вазири лавозимидан озод қилинди. Бу лавозимни Миратберди Гаипов эгаллади.
Чаригелди Бабанязов Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири лавозимидан озод қилинди. Унинг ўрнига Овезгелди Гошжанов тайинланди.
Бегмират Атаев Туркманистон Озиқ-овқат саноати давлат ассоциацияси раиси лавозимидан озод қилинди. Унинг ўрнига Байрамдурди Теженов тайинланди.
14 февраль куни президент фармони билан Туркманистон Миллий хавфсизлик вазири Назар Атагараев бошқа лавозимга ўтгани сабабли лавозимидан озод қилинди. Давлатгелди Мередов Миллий хавфсизлик вазирлиги раҳбари этиб тайинланди.
Бундан ташқари, Туркманистонда Автомобил йўллари қурилишини бошқариш давлат агентлиги негизида Автомобил йўллари вазирлиги ташкил этилди. Хонгелди Керимов унинг раҳбари этиб тайинланди.
Аширгули Беглиев нафақага чиқиши муносабати билан Туркманистон президентининг нефть ва газ масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод қилинди.
Бердимуҳамедов шунингдек, Туркманбоши, Туркманобод, Мари шаҳарлари ва бир нечта туманлар ҳокимларини алмаштирди.



