Қирғизистон президенти Садир Жапаров яқинда ишдан бўшатилган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Камчибек Ташиев билан дўстона муносабатда бўлиб қолишини, аммо у давлат хизматига қайтмаслигини айтди. Бу ҳақда «Кабар» ахборот агентлиги хабар берди.
«Биз дўст бўлиб қоламиз. Лекин у давлат хизматига қайтмайди. Мен унга айтдим: дам олинг, соғлиғингизни тикланг. Тергов ҳаммасини текширади. Афтидан, унинг атрофидаги одамлар унинг хабарисиз ҳаракат қилишган. Руслар айтганидек, улар унга яхши ниятда хизмат қилишмаган. Унинг одамлари ўз лавозимларини тарк етишяптими? Мен ҳеч кимга кетишини айтмадим. Лекин агар ўғирликлар аниқланса, барчаси жавобгарликка тортилади», — деди Жапаров «Кабар»га берган интервьюсида.
Агар Садир Жапаров ва Камчибек Ташиев ўзаро тил топа олмасалар, халқ «шимол» ва «жануб»га бўлиниши мумкин деган тахминга жавобан, президент на давлат тўнтаришига, на бўлинишга йўл қўймаслигини айтди.
«Сиёсатчилар керак бўлганда бўлинишлардан ўз шахсий манфаатлари йўлида фойдаланадилар. Улар оддий одамлардан фойдаланадилар. Биз туман ҳокимларини, судяларни, прокуратура, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарларини ротация қилдик. Биз ҳокимлар ва судяларни 100 фоиз ротация қилдик. Жанубда битта ҳам жанублик ҳоким йўқ — барчаси шимолдан. Ва аксинча: шимолда битта ҳам шимоллик ҳоким йўқ — барчаси жанубдан», — деб тушунтирди Жапаров.
Қишлоқ маъмурияти раҳбарларини ҳам шунга ўхшаш ротация кутмоқда. 2026 йил 1 сентабрдан бошлаб мамлакатда давлат томонидан молиялаштириладиган квоталар бўйича ўқиётган талабалар ротация қилинади. Бюджетдан молиялаштириладиган 10 000 та жойдан 5000 таси жанубликларга ва 5000 таси шимолликларга ажратилади. Шимолликлар жанубда, жанубликлар эса шимолда ўқийдилар. Уларнинг баъзилари маҳаллий аҳоли билан оилалар қурадилар, бу улар менталитетига таъсир қилади.
Жапаровнинг сўзларига кўра, бундай чоралар фойдали: бўлиниш, тарафкашлик эҳтимоли камаяди.
«20-30 йилдан сўнг «шимол» ва «жануб» ўртасидаги бўлинишлар йўқолади. Йўқса, қандай чоралар билан бу касалликни енгиш мумкин?», — деди Садир Жапаров.
Президент халқни провокацияларга берилмасликка чақирди.
«Президент шимолданми ёки жанубданми бунинг фарқи йўқ — асосийси, у ҳалол ишласин. Дэн Сяопин айтганидек: «Мушукнинг ранги муҳим эмас, асосийси у сичқонларни тута билсин». Президент ҳалол, адолатли ва холис бўлиши ва барчага тенг муносабатда бўлиши керак», — дея хулоса қилди Жапаров.
ℹ️ Садир Жапаров 10 февраль куни Камчибек Ташиевнинг Бош вазир ўринбосари ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари лавозимидан бўшатилганини маълум қилди. Ўша пайтда Ташиев Германияда тиббий кўрикдан ўтаётган эди. Собиқ Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, унинг ишдан бўшатилиши ҳақидаги хабар кутилмаган бўлган. Бироқ, у ҳар қандай вазиятдан қатъи назар, президент қарорлари бажарилиши кераклигини айтди.



