Қирғизистонлик амалдорларга хорижий банк ҳисоб рақамларини очиш, қариндошлари бизнесларига ёрдам бериш, филиал компаниялар билан битимларда иштирок этиш, расмий ресурслардан шахсий мақсадларда фойдаланиш ва расмий эсдалик совғалари бундан мустасно, совғалар ва мукофотлар олиш тақиқланди. Тегишли қоидалар очиқ манбаларда эълон қилинган ва 10 кундан сўнг кучга кирадиган «Корруцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонунда мустаҳкамланди, деб хабар беради 24.kg нашри.
Ҳужжатда давлат идоралари коррупцияга оид маълумотларни олиши учун ҳимояланган каналларни яратиши шартлиги айтилган. Шу билан бирга, бундай ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш кучайтирилади.
Президент Садир Жапаров томонидан имзоланган янги қонун давлатнинг коррупцияга қарши сиёсатини — профилактикадан тортиб, бундай жиноятларга барҳам беришгача — тизимлаштиради. Унда «коррупция хавфлари» ва «коррупцияга қарши стандартлар» тушунчалари мавжуд ва афилланган шахслар, яқин қариндошлар тушунчаларига аниқлик киритилган.
Оммавий ахборот воситалари таъкидлашича, биринчи марта қонун доирасида коррупциянинг олдини олиш бўйича ваколатли орган ташкил этилди. У давлат сиёсатини ишлаб чиқишда иштирок этади, хавфларни таҳлил қилади, коррупцияга қарши чоралар самарадорлигини баҳолайди ва республикадаги коррупция ҳолатига оид йиллик ҳисоботларни эълон қилади. Бироқ, ушбу ваколатлар ва функциялар қайси ташкилотга берилгани аниқланмаган.
Ҳужжатга кўра, молиявий назорат талаблари кучайтирилади. Қонун доирасидаги мансабдор шахслар акциялар ва улушларни ишончли бошқарувга ўтказишлари ва ўз даромадлари, харажатлари ва мол-мулкини, шу жумладан хорижий активларини декларация қилишлари шарт. Солиқ органи молиявий разведка бўлими билан биргаликда даромадлар ва харажатлар мувофиқлигини таҳлил қилади ва агар ноқонуний бойиб кетиш белгилари аниқланса, аудит натижаларини прокуратура ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборади.
Бундан ташқари, коррупция хавфларини мажбурий таҳлил қилиш, норматив ҳужжатларни коррупцияга қарши баҳолаш, тегишли жиноятларнинг ягона реестрини юритиш, ушбу соҳада статистикани тўплаш, шунингдек, жиноий йўл билан қўлга киритилган активларни қайтариш қоидаларини ўз ичига олган халқаро ҳамкорлик механизмлари жорий этилади.
Қирғизистон ҳукуматига олти ой ичида ўз қоидаларини янги қонунга мувофиқлаштириш топширилди.



