Афғонистон ва Ўзбекистон 300 миллион доллардан ортиқ қийматдаги 25 та тижорат меморандумини имзолади. Келишувларга Кобулда Сирдарё вилояти делегацияси иштирокида бўлиб ўтган бизнес-форум натижасида эришилди, деб хабар беради Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.
«Сирдарёда бизнес қилинг!» деб номланган тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчиси Ойбек Усмонов, Афғонистон Саноат ва савдо вазири — Нуриддин Азизий, Афғонистон Савдо ва инвестициялар палатаси раиси — Саид Карим Ҳошимий, Афғонистон иқтисодиёт вазири ўринбосарлари, шунингдек, Сирдарё вилояти делегацияси ҳамда афғонистонлик тадбиркорлар қатнашдилар.
Форум доирасида Сирдарё ва Афғонистон тадбиркорлари ўртасида B2B, давлат ва бизнес вакиллари иштирокида эса G2B учрашувлари ташкил этилди. Мазкур келишувлар озиқ-овқат маҳсулотлари, ун ва дон, текстиль, қурилиш материаллари, кимё ва бошқа саноат йўналишларини қамраб олади.
Азизий икки томонлама алоқаларнинг кенгайиши ортида кучли сиёсий ва иқтисодий импульс турганини таъкидлади. У сўнгги йилларда икки томон ўртасидаги савдо ҳажми мисли кўрилмаган суръатларда ўсгани ва иккала мамлакат ҳам савдо ҳажмини оширишга интилаётганини айтди.
Турдимов икки мамлакат ўртасидаги узоқ йиллик тарихий ва иқтисодий алоқаларни, Сирдарё вилоятида афғон савдогарларининг фаол ролини таъкидлади. У саноат ва ишлаб чиқариш соҳасида чуқурроқ ҳамкорлик қилишга чақирди, қўшма ривожланиш лойиҳаларини маъқуллади ва Ўзбекистоннинг инвестиция имкониятларини, жумладан, Европа экспорт бозорларига кириш имкониятларига урғу берди.
Бизнес форумидан олдин Сирдарё вилояти делегацияси Кобулда Кобул вилояти губернатори Аминуллоҳ Убайд, шунингдек, Савдо ва инвестициялар палатаси раиси ва Афғонистон Саноат ва савдо вазири билан учрашди. Музокаралар давомида Афғонистон бозорига юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари, тўқимачилик ва кийим-кечак, электр жиҳозлари ва фармацевтика маҳсулотларини етказиб беришни кенгайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ўрнатиш ва таъминот занжирларини самарали ташкил этиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.
Ушбу ташриф Сирдарё вилоятининг экспорт салоҳиятини оширишга, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги бозорларни очишга ва икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши кутилмоқда.
ℹ️ Ўтган йил декабрь ойида Сирдарё вилояти раҳбариятига минтақага 3 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш, экспортни 500 миллион долларга етказиш ва 185 минг иш ўрни яратиш вазифаси юклатилган эди. Ўзбекистон ҳукумати 2026 йилда инфратузилмани ривожлантириш ва бизнес лойиҳаларини амалга ошириш учун виоятга 11,5 триллион сўм (963 миллион доллар) ажратишни режалаштирган.



