Қозоғистонда йил бошидан бери вафот этган бешинчи ҳарбий хизматчи билан боғлиқ ҳолат текширилмоқда

gov.kz сайти фотосурати

Манғистов (Қозоғистоннинг жануби-ғарбий қисми) вилоятидаги полигонда дала машғулотлари пайтида муддатли ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди, деб хабар беради Tengrinews.kz нашри Қуруқликдаги қўшинлар матбуот хизматига таяниб.

Расмий хабарларга кўра, 17 февраль куни «Бейнеу» полигонида режали дала машғулотлари пайтида Қуруқликдаги қўшинларнинг «Ғарб» минтақавий қўмондонлиги ҳарбий хизматчиси қурол билан ишлаётган пайтда ўқдан яраланиб ўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва ҳодиса сабаблари аниқланмоқда. Бош прокуратура терговни ўз назоратига олган. Мудофаа вазирининг кўрсатмаси билан воқеа жойига Мудофаа вазири ўринбосари генерал-майор Шайх-Хасан Жазикбаев бошчилигидаги комиссия юборилган.

«Қуролли кучлар қўмондонлиги марҳумнинг оиласи ва дўстларига чуқур ҳамдардлик билдиради. Унинг оиласига амалдаги қонунчиликка мувофиқ барча зарур ёрдам кўрсатилади», — деб хабар беради Қуруқликдаги қўшинлар матбуот хизмати.

Қозоғистон армиясида ҳарбийлар ўлими билан боғлиқ ҳодисалар тез-тез содир бўлмоқда. Бу ҳолат нафақат фаоллар, балки президент Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан ҳам бир неча бор таъкидланган. Ўтган ёзда у Мудофаа вазири Даурен Косановга «армиядаги фожиали ҳодисалар сонини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришни» буюрган эди. Бироқ, уларнинг сони ҳалиям камаймаган. Биргина шу йилнинг январь ойида тўртта ўлим ҳолати қайд этилди: 23 январда муддатли ҳарбий хизматчи Уст-Каменогорск гарнизонидаги ҳарбий қисмда қўриқлаш пайтида ўқ жароҳатидан вафот этди. 27 январда яна бир муддатли ҳарбий хизматчи Жамбил вилоятида қурол билан ишлаётганда ҳалокатли яраланди. 14 январда Актау гарнизонида кичик сержант КАМАЗ юк машинаси уриб юборганидан сўнг вафот этди ва 6 январда Қозоғистон Республикаси Миллий гвардиясининг муддатли ҳарбий хизматчиси Чимкентда вафот этди. У тўсатдан юрак хуружига учради.

Ўтган ойда Қозоғистон Мудофаа вазирлиги «шахсий таркиб ҳаёти ва соғлиғини авайлаш» борасида фавқулодда чоралар кўрганини маълум қилди. Хусусан, интизом ва таълим ишлари, қурол билан ишлаш ва машғулотлар учун хавфсизлик талаблари кучайтирилди. Ҳарбий хизматчиларнинг психологик ҳолатини қайта баҳолаш учун барча ҳарбий қисмларга комиссиялар юборилди. Вазирлик, шунингдек, қўмондонлар ва сержантларнинг шахсий жавобгарлигини оширди, «ҳарбий полиция томонидан кенг қамровли текширувлар»ни ташкил қилди ва шу жумладан, шахсий таркиб устидан хизматдан ташқари 24 соатлик мониторингни жорий этди.

  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор