Жапаров тўққиз йилга озодликдан маҳрум этилган веб-камера студиялари эгасини афв этди

Даниэл Ажиев. nazarnews.org сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2024 йил ёзида фоҳишахона юритиш, порнографик материалларни тарқатиш ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилганидан сўнг тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилинган бир нечта веб-камера студиялари эгаси Даниэл Ажиевни афв этди. Бу ҳақда Kaktus.Media нашри Қирғизистон ҳукумати ҳузуридаги Жазони ижро этиш хизмати матбуот нашри марказига таяниб хабар берди.

Ташкилот маълумотларига кўра, маҳбус жазони ўтаётган колониядан озод қилинган. Петровка қишлоғида жойлашган қамоқхона маъмурияти афв хатини 17 февраль куни олган. У ўша куни озод қилинган.

Ажиев 2023 йили Ўзбекистонда БААга учишга уринаётганда ҳибсга олинган. У халқаро қидирувда бўлганлиги сабабли, тез орада Қирғизистон расмийларининг илтимосига биноан ўз мамлакатига экстрадиция қилинган ва у ерда терговга топширилган. Ўшанда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳибсга олинган шахсга тегишли бўлган бир нечта йирик студияларда 80 та компьютер ишлаётганини аниқлаган. Ўттиз оператор уч сменада ишлаган ва бу бизнесга 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган 300 дан ортиқ киши жалб қилинган.

Дарвоқе, ҳукм чиқарилган куни, 31 июлда Жапаров веб-камера студиялари фаолияти учун жиноий жавобгарлик жорий этилишига оид қонунни имзолагани маълум бўлганди.

ℹ️ Даниэл Ажиев қўшиқчи сифатида фаолиятини 2009 йили Мино таҳаллуси остида бошлаган. 2018 йили у веб-камера студиясини, яъни пул эвазига интернет фойдаланувчиларига ялонғоч таналарини кўрсатувчи қизлар тармоғини ташкил қилгани учун ҳибсга олинган. Суд уни жаримага тортган. Кейинчалик у ўзини бизнесмен сифатида кўрсатган, гарчи нима билан шуғулланишини аниқ айтмаса ҳам. У фақат бир марта ижтимоий тармоқларда порно саноатида ишлаётганини гуллаб қўйган.

2020 йил март ойида Қирғизистонда COVID-19 нинг биринчи ҳолатлари аниқланганда ва расмийлар қаттиқ карантин жорий қилганида, кўплаб фуқароларнинг даромадлари пасайган. Ажиев муҳтожларга озиқ-овқат ва молиявий ёрдам тарқатишни бошлаган. Бироқ, унинг ёмонотлиқ экани туфайли кўпчилик бундай қўллаб-қувватлашга салбий муносабат билдирган. Бунга жавобан Ажиев қирғизистонликлар ҳақида ҳақоратли сўзлар айтиб, бир нечта видеомурожаатлар тайёрлаган. Натижада, март ойи охирида у нафрат қўзғаш айблови билан ҳибсга олинган. Судгача ҳибсда бўлганида, тадбиркор камерадошлари томонидан калтаклангани борасида бир неча бор шикоят қилган. Кейинчалик Ажиев ақлдан озган деб топилиб, психиатрик клиникада мажбурий даволанишга ҳукм қилинганидан сўнг унга нисбатан очилган иш тўхтатилган.

  • Тошкентда «Рассом ва табиат» XL юбилей кўргазмаси бўлиб ўтди

  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади