Рус православ черковининг собиқ руҳонийси Иаков Воронцов унга қарши жиноий иш қўзғатилаётганини даъво қилди. Бу ҳақда унинг ҳибсхонадан ташқарига узатган ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хатида сўз юритилади.
Иаков Воронцов — Рус православ черковининг Остона ва Олмаота епархиясининг собиқ иеромони. У 2023 йили Россиянинг Украинадаги махсус ҳарбий операцияси ва Рус православ черкови раҳбариятини танқид қилганидан сўнг кенг оммага танилган. Кейинчалик у диний унвони ва лавозимидан четлаштирилган.
Собиқ руҳоний 13 февраль куни Олмаотада полиция ва махсус кучлар гуруҳи томонидан тунги тинтув ўтказилгандан сўнг ҳибсга олинган. Унинг уйидан қандайдир бир кукун топилгани айтилади. Полиция Воронцовни тиббий бўлмаган гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишда айблади ва суд уни 10 кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Кейинчалик полиция собиқ руҳонийни «гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш учун яширин жой ташкил қилиш»да айблаб, тергов бошлаганини маълум қилди.
«Менинг уйимда ҳеч қачон яширин жой бўлмаган. Турли одамлар тасалли ва яхши сўзлар илинжида уйимга келишган. Фикрдошларим ва диндошларим суҳбат қуриш ва ибодат учун келишган.
Уйимдан топилган кукун менга тегишли эмас. Менимча, бу нарса қасос олиш ва обрўсизлантириш мақсадида атайин уйимга ташлаб қўйилган. Бундан ким фойда кўришини ва ким буюртма берган бўлиши мумкинлигини тахмин қилиш қийин эмас. Мени ёлғон ва туҳмат билан обрўсизлантиришга уринаётган кимсаларни ҳамма билади. Менга қарши ким жиноий қасос олишга чорлаганини ҳамма билади», — деб ёзган Воронцов.
Унинг сўзларига кўра, суд уни «нотўғри экспертиза хулосалари асосида» 10 кунлик ҳибсга олиш жазосига ҳукм қилган. «Судя адвокатим ва менинг далилларимни тинглади, лекин эътиборсиз қолдирди. Мен суд қарорига қўшилмайман. Олдинда мени уйдирма ҳолидаги жиноий тергов кутмоқда», — дея таъкидлайди у.
Хатининг сўнггида Воронцов дўстлари ва диндошларига мурожаат қилиб, улардан бордию уни «узоқ вақтга қамашадиган бўлишса», Москва Патриархатига бўйсунмайдиган Православ черкови диний бирлашмасини рўйхатдан ўтказишни якунлашни сўраган. «Аввалига жамоа руҳонийсиз ҳам мавжуд бўлиши мумкин. Рўйхатдан ўтгандан сўнг, Константинополга ёзинг, сизни қабул қиладиган ва мендан кўра муносиброқ руҳонийни тайинлайдиган епископни қидиринг», — дея хулоса қилган у.
Сўнгги йилларда Воронцов диний бирлашмани рўйхатдан ўтказиш учун Қозоғистон Адлия вазирлигига бир неча бор мурожаат қилган, аммо ҳар доим рад жавобини олган. Ҳибсга олинишидан аввал, у мазкур қарорга қарши судга шикоят аризаси топширгани маълум бўлганди.



