Қирғизистон президенти Садир Жапаров республикада Футболни ривожлантириш миллий дастурини тасдиқлади, деб хабар беради 24.kg.
Дастур 2026 йилдан 2034 йилгача амалга оширилиши режалаштирилган.
Ҳужжатда футбол билан омавий шуғулланиш учун шароит яратиш, футболчиларнинг профессионал ривожланишини яхшилаш ва ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш кўзда тутилган.
Дастурни амалга оширишда давлат идоралари, маҳаллий ҳокимият органлари ва Қирғизистон Футбол Иттифоқи (ҚФИ) иштирок этади. Улар ҳар йили ўзларининг футболни ривожлантириш режаларини тузишлари ва йилига икки марта амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот беришлари шарт.
Ҳужжат ҳали чоп этилмаган.
Шуни таъкидлаш лозим, Жапаров илгари 2024 йил декабрь ойида 2034 йилгача бўлган Миллий футболни ривожлантириш дастурини тасдиқлаган эди. Аввалги ҳужжатда президентни нималар қониқтирмагани ва дастурга қандай ўзгартиришлар киритилгани ҳақида маълумот берилмаган.
2024 йил февраль ойидан бери ҚФИ президенти МХДҚ собиқ раҳбари Камчибек Ташиев бўлиб келганди. Яқинда у барча давлат лавозимларидан озод этилди ва баъзи маълумотларга кўра, даволаниш учун чет элга кетган. Ташиев ҚФИ президенти лавозимини сақлаб қоладими ёки йўқми, бу ҳозирча номаълум.
Шу билан бирга, 2024 йилдан бери Қирғизистон футболида кўплаб ўзгаришлар юз берди: зарур инфратузилма ва ёшлар академиялари яратилди, янги футбол клублари пайдо бўлди, Юқори Лига (юқори дивизион) иштирокчилари сони кенгайтирилди, «Барселона» (Испания), «Тренчин» (Словакия) ва «Астон Вилла» (Англия) каби футбол клублари билан алоқалар ўрнатилди ва таниқли собиқ хорватиялик футболчи Роберт Просинечки миллий терма жамоа мураббийи этиб тайинланди.



