Ўзбекистон Ғазо секторида уй-жой ва ижтимоий объектлар қурилишига ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Вашингтонда бўлиб ўтган Тинчлик кенгаши йиғилишида сўзга чиққан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз мамлакати Ғазо секторини қайта тиклашга қўлидан келганича ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди. Хусусан, республика анклавда турар-жой бинолари, болалар боғчалари, мактаблар ва касалхоналар қуришга тайёр, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Мирзиёев ўз нутқида АҚШ президенти ва Тинчлик кенгаши раиси Дональд Трампга Ғазо секторига гуманитар ёрдам кўрсатиш ва Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган ушбу ташкилотнинг биринчи саммитини ўтказгани учун миннатдорчилик билдирди.

Ўзбекистон раҳбари Кенгаш фаолияти Ғазо секторининг иқтисодий ва ижтимоий тикланиши учун қулай муҳит яратишига ишонч билдирди. Шу билан бирга, президент ушбу ҳудудни бошқаришнинг ҳар қандай механизми маҳаллий аҳолининг ички қўллаб-қувватлашига таяниши кераклигини таъкидлади.

«Бизнинг учрашувимиз халқаро бирдамлик, тинчликсеварлик ва Яқин Шарқдаги вазиятни яхшилашга бўлган умумий интилишимизнинг ёрқин ифодасидир. Биз Янги Ғазони – иқтисодиёти фаровон, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларига эга бўлган минтақани барпо этиш учун ушбу тарихий имкониятдан фойдаланишимиз зарур», — дея ҳулоса қилди Мирзиёев.

Йиғилиш якунида Тинчлик кенгаши фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир декларация имзоланди.

Вашингтонга ташрифи давомида Мирзиёев АҚШ ҳукуматининг иқтисодий блоки вакиллари ва йирик Америка компаниялари раҳбарияти билан бир қатор учрашувлар ўтказди. Ушбу учрашувлар натижасида ҳамкорлик ва қўшма инвестиция лойиҳалари бўйича келишувлар имзоланди.

Аввалроқ Трамп Ғазо сектори учун 7 миллиард доллардан ортиқ молиявий ёрдам пакетини эълон қилганди. Оқ уй маълумотларига кўра, бу маблағлар тўққизта мамлакат: Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Бирлашган Араб Амирликлари, Марокаш, Баҳрайн, Қатар, Қувайт ва Саудия Арабистони томонидан тақдим этилган.

Бироқ, Озарбайжон президенти ёрдамчиси Ҳикмат Ҳожиев ўз мамлакати Трамп томонидан эълон қилинган молиявий ёрдам пакетида иштирок этишни режалаштирмаётганини айтди. Ҳожиев келажакда Боку Тинчлик кенгаши орқали Ғазо секторидаги инвестиция лойиҳаларида иштирок этишни кўриб чиқиши мумкинлигига аниқлик киритди.

Ғазо секторини қайта тиклашга молиявий инвестициялар бўйича Тошкент ва Остонадан расмий тасдиқ ҳали маълум қилинмади.

Шуни қўшимча қилиш лозим, Тинчлик кенгаши йиғилишида сўзга чиққан Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев анклавга ёрдам бериш бўйича ўз вариантларини таклиф қилди. Буларга қуйидагилар киради:

▪️ инфратузилма, уй-жой, мактаблар, касалхоналар ва бошқа муҳим ижтимоий объектлар қурилиши;

▪️ Ғазо ва ундан атрофида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун буғдой ва бошқа гуманитар ёрдамларни етказиб бериш;

▪️ Фаластинлик талабаларнинг Қозоғистон университетларида ўқиши учун 500 дан ортиқ таълим грантларини тақдим этиш;

▪️ илғор рақамли ечимларни тақдим этиш;

▪️ Фуқаролик-ҳарбий мувофиқлаштириш марказига шифокорлар ва кузатувчиларни юбориш орқали халқаро барқарорлаштириш кучларини қўллаб-қувватлаш.

Дарвоқе, Трамп Қозоғистонни Албания ва Косово қаторида Ғазо секторида барқарорликни таъминлаш учун қўшинлар ва полиция юборишга рози бўлган давлатлар сифатида тилга олди.

ℹ️ Трамп 2026 йил 16 январда Тинчлик кенгаши ташкил этилганини маълум қилди. Тез орада Қозоғистон ва Ўзбекистон ташкилотга асосчи аъзолар сифатида қўшилди.

Марказий Осиё республикалари вакилларидан ташқари, 19 февраль куни Вашингтонда бўлиб ўтган Тинчлик кенгашининг очилиш йиғилишида Озарбайжон, Баҳрайн, Индонезия, Аргентина, Парагвай, Руминия, Миср, Қатар, Покистон, Венгрия, Албания, Арманистон, Вьетнам, Камбоджа, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Қувайт, Саудия Арабистони, Исроил, Марокаш ва бошқа мамлакатлар делегациялари иштирок этди.

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

  • Тошкентда Чори Шамснинг «Туркий халқларнинг хаёлий мавжудотлари» кўргазмаси очилди