Ғарбий Қозоғистон вилояти Экология департаменти мамлакатдаги энг йирик газ конденсати кони оператори бўлмиш «Карачаганак Петролиум Оперейтинг Б.В.» компаниясини 2 миллиард тенге (4 миллион доллар) миқдорида жаримага тортди, деб хабар беради Forbes.kz нашри департамент матбуот хизматига таяниб.
Жарима режадан ташқари текширув натижасида хомашё ишлаб чиқарувчиси 2024 йилда рухсат этилганидан кўп заҳарли моддалар ва оқова сувларнинг сизиб чиқишига йўл қўйгани аниқланган. Департамент жаримани ихтиёрий равишда тўлаш муддати ҳали тугамаганини маълум қилади.
«Карачаганак Петролиум Оперейтинг Б.В.» Eni (29,25%), Shell (29,25%), Chevron (18%), «Лукойл» (13,5%) ва «КазМунайГаз» (10%) нинг қўшма қорхонаси ҳисобланади. У дунёдаги энг йирик газ конденсати конларидан бири бўлган Қорачиғаноқ конида ишлаб чиқаришни бошқаради.
Шу йил бошида Bloomberg манбаларга таяниб, Қозоғистон ҳукумати Қорачиғаноқ операторлари билан арбитраж судида бир неча миллиард долларлик даъво аризаси бўйича ишни ютиб чиққанини хабар қилган эди. Агентлик маълумотларига кўра, Лондон суди Остона позициясини қўллаб-қувватлаган, унда Қорачиғаноқ операторлари маҳсулот тақсимоти шартномаси (МТШ) бўйича келишилмаган ва қопланмаслиги керак бўлган бошқа харажатларни ноқонуний равишда давлат ҳисобидан қоплаганлиги даъво қилинган.
Қорачиғаноқ операторларига қарши суд жараёнлари 2023 йили бошланган. Дастлаб даъво 3,5 миллиард долларни ташкил этган, аммо кейинчалик қисман харажатларнинг ошиши ва коррупция эҳтимоли ҳақидаги даъволар туфайли бу сумма ошган. 2024 йили халқаро компаниялар ички бозор учун газни қайта ишлаш заводини қуриш орқали низони ҳал қилишни таклиф қилишган. Бироқ, кейинчалик бу вариант ҳам шов-шувли низолар мавзусига айланган.



