Путин тожикистонлик меҳнат мигрантларини Россияга келмасиданоқ текширишга оид қонунни имзолади

Sputnik фотосурати

Ташкиллаштирилган тартибда, яъни расман ишга ёлланиш каналлари орқали Россияга келаётган тожикистонлик меҳнат мигрантлари ўз мамлакатида маълум процедуралардан ўтиш имконига эга бўлади. Россия президенти Владимир Путин Тожикистон билан тузилган шартномага ўзгартириш киритишни ўз ичига олган протоколни ратификация қилишга оид қонунни имзолади, деб хабар беради «Интерфакс».

Ҳужжатга кўра, Россияда расман ишга ёлланиш каналлари орқали ишлашни истаган тожикистонлик фуқаролар ўз юртида олдиндан суратга тушиши ва бармоқ изларини топширишлари мумкин. Бу Россия Ички ишлар вазирлигининг Тожикистондаги идораси томонидан ваколатли Россия агентликлари иштирокида амалга оширилади.

Шундан сўнг маълумотлар Россия миграция базаларида текширилади. Бу шахснинг Россия Федерациясига кириши тақиқланганлигини олдиндан текшириш имконини беради.

Бундан ташқари, протокол мигрант ишчиларни Россияга келишидан олдин Тожикистонда тиббий кўрикдан ўтказиш учун замин яратади.

Ҳужжат шунингдек, тожикистонлик фуқароларни Россия ўрта махсус касб-ҳунар таълими дастурлари бўйича ўқитишни ҳам кўзда тутади. Бошқача қилиб айтганда, баъзи ишчилар сафардан олдин Россия меҳнат бозорига тайёргарлик кўришлари мумкин бўлади.

Шартномага янги иштирокчи қўшилади — Тожикистонда ташкилиш ишга ёллашни мувофиқлаштирадиган ва зарур тадбирларни ўтказишда ёрдам берадиган ваколатли Россия ташкилоти.

Россия расмийлари бу ўзгаришларни меҳнат миграциясини соддалаштириш ва миграция қонунларига риоя қилинишини кучайтириш зарурати билан изоҳлайдилар.

Тожикистон фуқароларини вақтинчалик иш учун уюшган ҳолда ёллаш тўғрисидаги шартнома 2019 йил баҳоридан бери амал қилади. 2025 йил октябрь ойида Россия ва Тожикистон президентлари Владимир Путин ва Эмомали Раҳмон томонидан ҳужжатга ўзгартиришлар киритиш протоколи имзоланганди.

Ўшанда Путин Россия ишчи кучига қизиқиш билдираётганини, аммо бу «бизга керак бўлган ишчи кучи» бўлиши кераклигини айтганди. «Иккинчидан, одамларнинг ўзлари яхши шароитда яшаши ва қонунларимизга риоя қилишлари керак», — деганди у ва ҳозирда бу соҳада кўплаб муаммолар мавжудлигини қўшимча қиларкан.

Тожикистон Меҳнат вазирлигининг маълумотларига кўра, 2025 йили ташкилий тартибга ишга ёллаш доирасида мамлакатдан Россияга 31 000 дан ортиқ одам юборилган.

Ўзбекистон Россия билан фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда ишга ёллаш шартномасини имзолаган биринчи давлат бўлган. Тегишли ҳужжат 2017 йили имзоланган эди.

  • Нима учун хитойликлар билан муносабат қилиш қийин, гарчи дастлаб осондек туюлган бўлсада? Мавзу шу ҳақда

  • Марказий Осиёнинг жанглар майдонига айлангани ҳақида

  • Марказий Осиё футболи учун Россия терма жамоасидан нима фойда борлиги ва «Марказий Осиёликларнинг ўзаро кураши» қандай якунланиши ҳақида

  • ШҲТ саммити тадбирларида иштирок этиш учун 20 га яқин давлат раҳбарлари Самарқандда йиғиладилар