Тожикистонда ҳибсга олинган шахс ўлимидан сўнг олти нафар полиция ходими судга тортилади

Озоди радиоси фотосурати

Тожикистонда гиёҳванд моддалар савдосига алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олинган 36 ёшли Кўлоб фуқароси Мақсуджон Саидовнинг ўлими бўйича олти нафар полиция ходими судга тортилади. Бу ҳақда тергов билан таниш манбаларга таяниб, Озоди радиоси хабар берди.

Нашрнинг хабар беришича, Саидов 8 январь куни ҳибсга олинган ва сўроқ қилиш учун Душанбега олиб кетилган. У метамфетамин сотиш ва тарқатишда гумон қилинган. Бир неча кундан сўнг у полиция ҳибсхонасида вафот этган. 12 январь куни унинг жасади қариндошларига топширилган.

Саидовнинг дўстлари Озоди радиосига исмини ошкор қилмаслик шарти билан жасадда калтаклаш ва куйиш излари борлигини айтишган. Уларнинг айтишича, оиладан дафн маросимини иложи борича тезроқ ўтказиш ва оммавий баёнотлар бермаслик сўралган. Расмийлар бу маълумотга расман изоҳ беришмаган.

Прокуратура ҳозирча полиция ходимларига қўйилган аниқ айбловларни маълум қилмаган. Озоди радиоси манбаларининг таъкидлашича, улар қасддан оғир тан жароҳати етказиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланмоқда. Бироқ, нашр манбаларига кўра, уларнинг ҳеч бирига қийноқ қўллаш айблови қўйилмаган.

Биринчи суд мажлиси санаси ҳали эълон қилинмаган. Манбаларга кўра, олтита айбланувчидан камида иккитаси ҳибсда.

Тожикистонда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига қарши ишлар камдан-кам ҳолларда судгача етиб боради. Мамлакат Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, 2018 ва 2025 йиллар оралиғида 13 киши қийноқ қўллашда айбдор деб топилган, шу даврда полиция ва хавфсизлик ходимларига қарши юздан ортиқ расмий шикоятлар берилган.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳибсда сақлаш жойларида ёмон муомала қилинаётгани кенг тарқалаётган муаммо эканини таъкидлашади. БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси ҳам Тожикистонда ҳибсда сақлаш жойларида ўлим ҳолатлари ҳақидаги хабарлардан хавотир билдирган ва расмийларни бундай ҳолатлар бўйича тезкор ва холис тергов ўтказишга чақирган.