Ислом цивилизацияси форуми иштирокчилари Мирзиёевга мурожаат йўлладилар

Форум иштирокчилари. ИЦМ фотосурати

Ислом цивилизацияси бўйича I Халқаро форум иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллаб, унда Жаҳон Ислом цивилизацияси альянсини ташкил этишни таклиф қилди. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) матбуот хизмати хабар қилди.

Ташаббус муаллифлари фикрига кўра, мазкур альянс қўшма илмий тадқиқотларни мувофиқлаштириш, мутахассислар тайёрлаш, академик алмашинувларни йўлга қўйиш, халқаро нашриёт лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, маданий мерос объектларини сақлаш ва оммалаштириш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш ишларини йўлга қўяди.

Форум иштирокчилари тадбир якунлари бўйича қабул қилинган декларация ҳамда ислом цивилизациясини сақлаш, ўрганиш ва ривожлантиришга бағишланган «Йўл харитаси»ни қўллаб-қувватладилар. Шунингдек, улар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) ва мамлакатнинг бошқа илмий-маърифий муассасалари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Бундай ҳамкорлик фундаментал илмий тадқиқотлар ўтказиш, илмий асарларни тайёрлаш ва нашр этиш, архив материаллари ҳамда қўлёзмалар билан алмашиш, шунингдек, кўргазмалар, конференциялар ва таълим дастурларини ташкил этишни ўз ичига олади.

Мурожаатда форум иштирокчилари тадбирни юқори савияда ташкил этгани ҳамда ислом меросини ўрганишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаётгани учун президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирдилар. Жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, янгиланган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги илмий-тадқиқот марказлари, Халқаро исломшунослик академияси ҳамда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти қайд этилди.

Ислом цивилизацияси бўйича I Халқаро форум «Тинчлик, бағрикенглик ва маърифат» шиори остида ўтди. Форум тадбирлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ташкил этилди. Унда 50 дан ортиқ мамлакатдан халқаро ташкилотлар, илмий ва таълим муассасалари вакиллари, диний арбоблар, олимлар, кутубхона, музей ҳамда маданият муассасалари ходимлари иштирок этдилар.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ