БМТнинг қочқинларни ҳимоя қилишга қаратилган янги кампаниясини Анжелина Жоли ва Кейт Бланшетт қўллаб-қувватлади

Анжелина Жоли Бангладешдаги қочқинлар лагерида. БМТ ҚОКБ фотосурати

БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси (БМТ ҚОКБ) урушлар ва таъқиблар туфайли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган инсонларга ёрдам кўрсатишга қаратилган «Ваъда» глобал кампаниясини бошлади. Бу ҳақда БМТ расмий сайтида эълон қилинган матбуот баёнотида айтилган. Ташаббусни машҳур актёрлар Анжелина Жоли, Кейт Бланшетт, Бен Стиллер, шунингдек, Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Малала Юсуфзай қўллаб-қувватлади, дейилади БМТ сайтидаги пресс-релизда.

Ташкилот маълум қилишича, қочқинлар жамоалари етакчилари, бизнес вакиллари, диний арбоблар ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам ушбу ҳаракатга қўшилган. Шу билан бирга, БМТ бутун дунё ҳукуматлари, халқаро ташкилотлар ва бефарқ бўлмаган барча инсонларни урушлар, зўравонлик ва таъқиблар сабабли ўз юртини тарк этганларни ҳимоя қилишга кўмаклашишга чақиради.

«Ваъда» кампаниясининг асосий мақсади шундай дунёни барпо этишдан иборатки, унда:

✅ ҳар бир мажбуран кўчирилган инсон хавфсиз бошпана топиши мумкин;

✅ маҳаллий жамоалар қочқинларни очиқкўнгиллик билан қабул қилади;

✅ ҳукуматлар қабул қилувчи мамлакатларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиб, одамларнинг мажбурий кўчиши муаммосини ҳал этиш бўйича узоқ муддатли ечимларни ишлаб чиқиш орқали олдиндан чора кўради.

Таъкидланишича, ташаббус жуда муҳим паллада бошланмоқда, чунки ҳозирги кунда дунёда 41 миллиондан ортиқ қочқин бор.

Дунёнинг турли ҳудудларида тинмаётган можаролар бутун бошли оилалар ҳаётини издан чиқаришда давом этмоқда, қочқинларни қабул қилаётган давлатлар эса мисли кўрилмаган юкламага дуч келмоқда.

Шу боис БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари Барҳам Солиҳ раҳбарлигида ўтказилаётган мазкур кампания мажбуран кўчирилган инсонларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли коалицияни шакллантириши кутилмоқда.

БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармасида таъкидланишича, ташаббус Қочқинлар мақоми тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 75 йиллиги муносабати билан, 2027 йилга режалаштирилган Қочқинлар масалалари бўйича глобал форум арафасида йўлга қўйилган.

«Етмиш беш йил аввал дунё қочқинликка мажбур бўлган инсонларни ҳимоя қилишга ваъда берган эди. Бугунги вазифамиз — бу ваъданинг келажак авлодлар учун ҳам амалий аҳамиятини сақлаб қолишдир», — дейди Солиҳ.

1951 йилда Иккинчи жаҳон уруши оқибатлари таъсирида қабул қилинган мазкур Конвенция қочқинларни халқаро ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосини яратди ва қуйидаги асосий тамойилни мустаҳкамлади:

таъқибдан қочаётган инсонлар ҳаёти хавф остида бўлган жойга қайтарилмаслиги керак.

Бугунги кунда мазкур ҳужжатнинг асосий тамойиллари ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Зеро, замонавий дунёда мажбурий кўчишлар кўламининг мисли кўрилмаган даражада ортиши бутун гуманитар ёрдам тизими учун жиддий синов бўлиб қолмоқда.

«Биз қочқинларни қабул қилаётган мамлакатлар ва маҳаллий жамоаларни қўллаб-қувватлашимиз, қочқинларнинг ўз имкониятларини кенгайтиришимиз, шунингдек, уларнинг ихтиёрий равишда ўз юртига қайтиши учун шароит яратишимиз шарт», — дея хулоса қилади БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари.