Ўзбекистонда одам савдосидан жабр кўрганларни ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилади

uznews.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати муҳтожларга қўшимча ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқди. Жумладан, муайян яшаш жойига эга бўлмаган кимсалар учун касбга ўқитиш курслари ташкил этилади, шунингдек, одам савдосидан жабр кўрган аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилади. Тегишли ташаббуслар мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Мулозимларнинг таъкидлашича, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масаласида янги ёндашувлар ишлаб чиқилган. Ҳозир республикада 726 ўринга мўлжалланган 11 та реабилитация маркази фаолият юритмоқда. Келтирилган статистикага кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида ушбу муассасаларга 1,1 минг нафар киши жойлаштирилган.

Амалдаги реабилитация муассасалари вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тикланиш марказларига айлантирилади. Бошпанасиз шахслар ушбу марказларга ўз мурожаати асосида, “маҳалла еттилиги”нинг ўрганиш натижаларига кўра ёки ижтимоий ходим ва профилактика инспектори кўмагида жойлаштирилади.

Таъкидланишича, ҳар бир муҳтож шахс учун алоҳида режа тайёрланади. Унда ҳужжатларни тиклаш, тиббий хизматлар кўрсатиш, касбга ўқитиш ва ишга жойлаштириш чоралари кўзда тутилади.

Реабилитация марказларида бандликка кўмаклашиш бўлимлари ташкил этилади, бўш хоналар эса хусусий тадбиркорларга имтиёзли шартлар асосида ижарага берилади. Бошпанасизлар учун ваучерлар тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бундай ҳужжатлар уларга касб ўрганиш имконини беради, шу билан бирга улар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари рўйхатига киритилади ва улар учун иш ўринлари захира қилинади.

Йиғилишда одам савдосидан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш механизмларини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб «Инсон» марказлари орқали маҳалла ва туман даражасида қийин аҳволга тушган шахсларнинг ҳолатини баҳолаш тизими жорий этилади. Шундан сўнг улар тегишли хизматларга йўналтирилади.

Бундан ташқари, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳамда унинг ҳудудий марказлари Аёллар ва болаларни реабилитация қилиш республика маркази ва ҳудудий марказлари этиб қайта номланади.

Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида жойлашган ушбу муассасаларда одам савдосидан жабр кўрган аёллар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларини қабул қилиш йўлга қўйилади. Бу ерларда улар учун қўшимча ўринлар ташкил этилади.

Шу билан бирга, бола савдоси учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгилаш, одам савдоси билан боғлиқ жиноят содир этган шахсларнинг меҳнат ва ташқи миграция хизматлари билан шуғулланиш ҳуқуқини чеклаш, кўрсатилаётган хизматларни мунтазам мониторинг қилиш таклиф этилди.

Президентга, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини бартараф этишда қатнашган фуқаролар учун имтиёзли транспортдан фойдаланиш тартибини соддалаштириш бўйича ташаббуслар тақдим этилди. Бугунги кунда мазкур имтиёзлардан 48,4 минг нафар фуқаро фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиб, ўтган йили улар транспорт хизматларидан 1,7 миллион марта фойдаланган.

Янги тартибга кўра, 11 тоифага кирувчи фуқаролар учун бепул йўл ҳақи ёки 50 фоиз миқдорида чегирма кўзда тутилади. Ушбу қоида шаҳарлараро қатновларга, жумладан самолёт ва поездлардаги сафарларга ҳам татбиқ этилади.

Янги тартибга кўра, 11 тоифага кирувчи фуқаролар учун бепул йўл ҳақи ёки 50 фоизлик чегирма кўзда тутилади. Ушбу қоида шаҳарлараро қатновларга, жумладан самолёт ва поездлардаги сафарларга ҳам татбиқ этилади. Чипта харид қилиш учун фақат ID-карта ёки биометрик паспортни тақдим этиш кифоя. Имтиёз ҳуқуқи “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали текширилади. 2027 йил 1 январдан имтиёзли авиа, темир йўл ва шаҳарлараро автобус чипталарини “Baraka” ижтимоий карта мобил иловаси орқали онлайн харид қилиш имконияти яратилади.