Беларусдан йўлга чиққан иккинчи «Славянский караван» поезди Қирғизистон ва Тожикистонгача етиб боради

БТЙ матбуот маркази фотосурати

Беларусь Ўзбекистонга иккинчи «Славянский караван» («Славян карвони») тўғридан-тўғри юк поездини жўнатди. Бу сафар поезд Қирғизистон ва Тожикистонгача етиб боради. Бу ҳақда «Беларусь темир йўллари» (БТЙ) компанияси матбуот хизмати хабар қилди.

Иккинчи поезд 3 август куни Орша-Восточная станциясидан йўлга чиққан. У Россия ва Қозоғистон ҳудуди орқали ҳаракатланиб, Ўзбекистонга ёғочни қайта ишлаш саноати маҳсулотлари ҳамда умумий оғирлиги 4 минг тоннадан ортиқ озиқ-овқат юкларини етказиб беради.

«Поезд таркибига, шунингдек, Ўзбекистон орқали транзит тарзида Қирғизистон ва Тожикистонга юборилаётган экспорт юклари ҳам киритилган», — дейилади БТЙ матбуот хизмати хабарида.

Мазкур поезднинг асосий хусусияти шундаки, у Россия ва Қозоғистон ҳудуди орқали таркиби тарқатилмасдан ва қўшимча тўхташларсиз ҳаракатланади. Бу юкларни етказиб бериш муддатини деярли икки бараварга қисқартиради ҳамда юкнинг бут сақланишини таъминлаш билан боғлиқ хавфларни камайтиради.

Биринчи поезд 30 июль куни Беларусдан йўлга чиққан бўлиб, 5 август куни эрталаб Тошкентдаги Чукурсой станциясига етиб келди. Уни Ўзбекистон Транспорт вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси ва Беларусь элчихонаси вакиллари кутиб олди.

«Поезд 6 суткадан кам вақт ичида Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб, қарийб 4 минг километр масофани босиб ўтди», — дея таъкидлайди «Беларусь темир йўллари» компанияси.

Биринчи «Славянский караван» поезди Ўзбекистонга Беларусь ёғоч маҳсулотлари, озиқ-овқат ва кимёвий маҳсулотларни олиб келди. Қайтиш рейсида эса Беларусга қовун, қуруқ мевалар ва тўқимачилик маҳсулотлари юборилади.