Марказий Осиёда кўчиб ўтиш учун энг яхши мамлакат деб Қозоғистон тан олинди, энг ёмони — Туркманистон

rumavi.com сайти харитасидан скриншот

Қозоғистон Rumavi компанияси ҳар йили тузадиган Global Relocation Index 2026 рейтингида Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллади. Умумий рейтингда республика 192 мамлакат орасида 77-ўринни қайд этиб, 62,9 балл тўплади.

Тадқиқотчилар 192 та давлат ва ҳудудни 24 та мезон асосида баҳолаган. Ушбу мезонлар тўртта асосий йўналишга бирлаштирилган: молиявий шароитлар ва солиқ тизими, ҳаёт сифати ва соғлиқни сақлаш, хавфсизлик ва барқарорлик, шунингдек кўчиб ўтиш ва кейинги мослашиш имкониятлари. Ҳар бир кўрсаткич 0 дан 100 баллгача бўлган ягона шкалага келтирилган бўлиб, юқори балл мамлакатда кўчиб ўтиш учун шароитлар яхшироқ эканини англатади.

Қозоғистон энг юқори натижани молиявий шароитлар бўйича кўрсатиб, 79 балл олди. Ҳаёт сифати ва соғлиқни сақлаш, шунингдек хавфсизлик ва барқарорлик йўналишларида мамлакат 60 баллдан тўплади. Энг паст баҳо эса кўчиб ўтиш ва мослашиш шароитлари бўйича берилган — 51 балл.

Минтақавий рейтингда Қозоғистондан кейин Ўзбекистон 59,9 балл билан, Қирғизистон эса 59,3 балл билан жойлашди. Марказий Осиё давлатлари бешталигини Тожикистон (55,1 балл) ва Туркманистон (52,3 балл) якунлайди.

Таққослаш учун, Грузия 69,3 балл (192 мамлакат орасида 14-ўрин), Озарбайжон — 61,5 балл, АҚШ — 60 балл, Россия — 58,9 балл, Хитой эса 58,6 балл олган.

Жаҳон рейтингида биринчи ўринни 72,8 балл тўплаган Эстония эгаллаган. Рейтинг тузувчилари маълумотларига кўра, мамлакатга юқори ўринни ривожланган банк тизими, қулай бизнес муҳити, уй-жойдан фойдаланиш имкониятлари ва яшил ҳудудларнинг кўплиги таъминлаган. Тадқиқотчилар етакчи давлатнинг ягона сезиларли камчилиги сифатида иқлимни қайд этган: совуқ ва қоронғи қишлар сабаб бу кўрсаткич бўйича Эстония 100 баллдан атиги 20 балл олган.

Биринчи ўнликка шунингдек Сингапур (72,6 балл), Малайзия (72 балл), Португалия (71,6 балл), Тайвань (71,4 балл), Литва (71 балл), Гонконг (71 балл), Сент-Китс ва Невис (70,3 балл), Чехия (69,9 балл) ҳамда Мальта (69,8 балл) кирган.

Кўчиб ўтиш учун энг ёмон мамлакат деб Афғонистон тан олинган (39,5 балл). Барча мезонлар орасида бу мамлакат энг юқори баҳони «Уй-жойнинг ҳамёнбоплиги» (Housing affordability) кўрсаткичи бўйича олган — 100 баллдан 97 балл. Шу билан бирга, мамлакат профилида қайд этилишича, хорижликларга умуман ер ёки кўчмас мулкка эгалик қилиш тақиқланган, ижара шартномалари эса ишончли ҳуқуқий ҳимояга эга эмас.

Умумий рейтингдан ташқари, Rumavi бешта махсус рўйхат ҳам тайёрлаган бўлиб, уларда кўчиб ўтиш мақсадларига қараб бир хил 24 та мезон турлича аҳамиятга эга бўлган. Алоҳида индекслар оилалар, нафақахўрлар, рақамли кўчманчилар, тадбиркорлар ва асосий устуворлиги солиқ юки бўлган шахслар учун тузилган.

Қозоғистон барча беш рейтингда ҳам минтақа етакчилигини сақлаб қолган. Ўзбекистон ва Қирғизистон эса тоифага қараб ўринларини алмаштирган. Нафақахўрлар ва рақамли кўчманчилар учун тузилган рейтингларда Ўзбекистон Қирғизистондан юқори ўринда бўлса, тадбиркорлар ва солиқ йўналишидаги рейтингларда аксинча ҳолат кузатилади.

Тожикистон ва Туркманистон барча махсус рейтингларда ҳам минтақада доимий равишда охирги икки ўринни эгаллаб келмоқда. Бу уларнинг умумий рейтингдаги ўрнига ҳам мос келади.

Тадқиқот муаллифлари таъкидлашича, Global Relocation Index мустақил лойиҳа ҳисобланади ва у тижорий манфаатлар билан боғлиқ эмас. Шунингдек, рейтингга киритилган мамлакатларнинг визалари ёки паспортларини сотмайди. Рейтинг тузувчиларининг қайд этишича, индексни кўчиб ўтиш бўйича тайёр тавсия сифатида эмас, балки мамлакатларни солиштириш воситаси сифатида кўриб чиқиш керак.