Ўзбекистонда камбағаллик ва ишсизлик даражаси энг паст кўрсаткич — 4,5 фоизга тушди

Жамшид Қўчқоров. Ўзбекистон парламенти матбуот хизмати фотосурати

2026 йил биринчи ярми якунларига кўра, Ўзбекистонда камбағаллик ва ишсизлик даражаси 4,5 фоизгача пасайган. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси (парламенти) мажлисида Бош вазир ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди, деб хабар беради Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

2026 йил бошига келиб мамлакатда камбағаллик даражаси 5,8 фоизни, ишсизлик даражаси эса 4,9 фоизни ташкил этган эди.

Қўчқоровнинг сўзларига кўра, жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқлик даражаси юқори бўлишига қарамай, Ўзбекистонда иқтисодий ўсишнинг барқарор суръатлари таъминланмоқда. 2026 йил биринчи ярмида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг реал ўсиш суръати 8,5 фоизни ташкил этди.

ЯИМ ҳажми 1 072,7 трлн сўмга (тахминан 89,4 млрд доллар) етди.

Ўсиш барча асосий тармоқларда қайд этилган. Саноатда ўсиш 8 фоизни, хизматлар соҳасида 9,2 фоизни, қурилишда 13,7 фоизни, қишлоқ хўжалигида эса 4,7 фоизни ташкил этган.

Ҳисобот даврида Давлат бюджети харажатлари 205,6 трлн сўмни (17,1 млрд доллар) ташкил қилган. Ушбу маблағнинг 105,8 трлн сўми (8,8 млрд доллар) ижтимоий соҳага йўналтирилган.

Инвестиция ва ташқи иқтисодий фаолият соҳаларида ҳам юқори натижалар қайд этилган. 2026 йил биринчи ярмида 28,1 млрд долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилган. Бу ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан 34 фоизга кўп. Умумий ҳажмнинг 26 млрд доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларга тўғри келади. Экспорт ҳажми илк бор 15,9 млрд долларга етган.

Бандлик соҳасида ҳисобот даврида 506 минг киши доимий иш ўринларига эга бщлган. 2,616 млн фуқаронинг даромадлари ошган. Мамлакатда норасмий банд бўлган 546 минг нафар аҳолининг фаолияти легаллаштирилган. Маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш мақсадида 104 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, 246 минг кишининг бандлиги таъминланган.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳолини бизнесга кенг жалб этиш чоралари натижасида қарийб 37,8 мингта янги кичик тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. 2 756 та маҳалла камбағалликдан холи ҳудудларга айлантирилди.

ℹ️ 2024 йил кузида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланишини маълум қилганди. Ўшанда мамлакатда камбағаллик даражаси ҳар йили 3 фоизга қисқараётгани хабар қилинган. Жумладан, 2023 йилда бу кўрсаткич 17 фоиздан 11 фоизга тушган.