Қирғизистон ТИВ: етказиб бериш хизмати ва такси соҳасида бирорта ҳам мигрант қонуний ишламаяпти

Қирғизистон Ташки ишлар вазирлиги. “Фарғона” фотосурати

Қирғизистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сейтек Жумақодир ўғли етказиб бериш хизмати ва такси соҳасида ишлаётган бирорта ҳам хорижлик қонуний асосда ишламаётганини маълум қилди. Бу масала республика Жогорку Кенешининг халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси йиғилишида кўтарилди, деб хабар беради 24.kg нашри.

Ташқи ишлар вазирлиги вакили Қирғизистон ва Покистон ўртасида жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги битим лойиҳасини муҳокама қилишда иштирок этган. Депутатлар хизмат кўрсатиш соҳасида, хусусан, покистонликлар ва ҳиндистонликлар каби хорижликлар кўпайиб кетганидан шикоят қилишди. Улар кўпинча қирғиз тилини билишмайди. Шу сабабли етказиб бериш хизмати мижозлари ёки такси йўловчилари билан турли қийинчиликлар юзага келмоқда.

Мулозимнинг жавоб беришича, Ташқи ишлар вазирлиги ҳар йили хорижликларга ишлаш учун қарийб 100 мингта квота ажратади.

«Шу билан бирга, хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаш учун бирорта ҳам иш визаси берилмаган. Демак, бугун таксида, етказиб бериш хизматида ишлаётган барча хорижликлар ноқонуний фаолият юритмоқда», — дея таъкидлайди вазир ўринбосари.

Жумақодир ўғли мамлакатда қоидабузарларни аниқлаш бўйича мунтазам рейдлар ўтказилишини қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, ноқонуний мигрантлар одатда бирор фирмага расмийлаштирилади, кейин эса юқорироқ даромад туфайли таксида ишлашга ўтиб кетади.

Вазирлик тегишли камчиликларни бартараф этиш чораларини кўришни режалаштирмоқда, бироқ Ташқи ишлар вазирлиги вакили бу борада айнан қандай чоралар таклиф этилаётганига аниқлик киритмади.

Жорий йил июль ойи ўртасида Ташқи ишлар вазирлиги миграция қоидаларини бузган ҳолда мамлакатда бўлган қарийб 500 нафар хорижлик «яшил коридор» режими доирасида республикадан чиқиб кетгани ҳақида статистикани келтирган эди. Бундай режим ноқонуний мигрантларга жарима тўламасдан ўз ватанига қайтиш имконини беради. Ўшанда вазирлик Қирғизистонда маҳаллий қонунчилик талабларига риоя қилмаётган қарийб 5 минг нафар меҳнат мигранти яшаётганини ҳам маълум қилганди.

Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида Қирғизистон 60 мингдан ортиқ иш визаси берган. Рухсат берувчи ҳужжатларни олганларнинг қарийб 60 фоизини Хитой фуқаролари ташкил этади. Уларнинг аксарияти йирик инфратузилмавий ва давлат лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этмоқда. Шунингдек, Ҳиндистон, Покистон ва Бангладешдан ҳам республикага кўплаб ишчилар келмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ