Тожикистонда гўзаллик салонлари ходимлари одам иммун танқислиги вируси (ОИВ) бўйича тест топширишга мажбурланди. Тегишли маълумотномасиз уларга гўзаллик салонларида ишлашга рухсат берилмайди. Янги қоидалар республика ҳукумати қарори билан белгиланган бўлиб, президент Эмомали Раҳмон ушбу ҳужжатни 28 август куни имзолади, деб хабар беради «Азия-Плюс».
Ҳужжат қачон кучга киргани аниқлаштирилмаган. Бироқ, ҳуқуқий ахборот базасида қарор амалда экани кўрсатилган.
Энди бьюти соҳасидаги мижозларга бевосита хизмат кўрсатадиган муассаса ходимлари иш бошлашдан олдин таҳлил топшириши ва ОИВ йўқлиги ҳақидаги маълумотномани ўзи билан олиб юриши шарт. Вирусга эга шахслар ишга қўйилмайди.
Янги тартиб қуйидаги ходимларга тааллуқли:
✅ маникюр ва педикюр усталари;
✅ қошларни коррекция қилиш бўйича мутахассислар;
✅ юз ва баданни тозалаш бўйича мутахассислар;
✅ татуаж ва пирсинг усталари.
Қарорга кўра, яна бир қатор фуқаролар учун ҳам бундай тиббий кўрикдан ўтиш мажбурий ҳисобланади. Улар қаторига ОИВ билан яшаётганлар; жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган ёки қон қуйдириш муолажасидан ўтганлар; тақиқланган моддаларни инъекция орқали истеъмол қиладиган гиёҳвандлар; ОИВ билан касалланган оналардан туғилган болалар; тиббиёт ходимлари киради.
Тожикистонда никоҳдан ўтаётган фуқаролар ҳам ОИВ бўйича тест топшириши шарт. Бу меъёр республика Оила кодексига 2016 йилда киритилган бўлиб, ҳозир Вазирлар Маҳкамаси қарорида ҳам мустаҳкамланган.
Қайд этилишича, никоҳдан ўтаётганларга тегишли тиббий хизмат давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул кўрсатилади. Бундан ташқари, қон ва бошқа биологик материал донорлари ҳам худди шу шартлар асосида текширувдан ўтказилади.
Шу билан бирга, тест натижалари бўйича маълумотномаларни бериш муддати ҳам ўзгарди. Илгари бунинг учун ўн иш куни ажратилган бўлса, энди беш кунга қисқартирилди.
ОИВ профилактикаси ва унга қарши курашиш бўйича Республика маркази маълумотига кўра, 2025 йил 1 сентябрь ҳолатига Тожикистонда ОИВ билан яшовчи 13 045 нафар фуқаро рўйхатга олинган. Улардан 7 017 нафари эркаклар, 5 035 нафари аёллар, 993 нафари эса 18 ёшга тўлмаган ёшлардир.



