Россия Ўзбекистон, Тожикистон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатларига 1 миллион рублдан ортиқ нақд пул олиб чиқишни тақиқлади

rbk.ru сйти фотосурати

Россия ҳукумати Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон, шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо давлатларга 1 миллион рублдан (тахминан 12 минг доллар) ортиқ миқдорда нақд пул олиб чиқишни тақиқлади. Тегишли меъёр Россия президенти Владимир Путиннинг 29 сентябрдаги фармонида белгиланган.

Мазкур чеклов фақат жисмоний шахсларга нисбатан амал қилади. Компаниялар ва якка тартибдаги тадбиркорларга (ЯТТ) эса юқорида санаб ўтилган давлатларга миллий валютадаги нақд пул маблағларини миқдоридан қатъи назар, умуман олиб чиқиш тақиқланган.

Бироқ бундан истиснолар ҳам бор. Жумладан, қоғоз рублларни ЕОИИ давлатларига — Россиядан ташқари Беларусь, Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга, шунингдек, Озарбайжон, Тожикистон ва Ўзбекистонга олиб чиқиш мумкин, агар:

✅ пулларни олиб чиқиш белгиланган аэропортлар орқали амалга оширилса (уларнинг рўйхатини кейинроқ Россия ҳукумати тасдиқлайди);

✅ фуқаро, юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорда ушбу маблағлар Россия банкларидаги тегишли ҳисобрақамлар ёки омонатлардан ечиб олинганини тасдиқловчи банк маълумотномаси бўлса;

✅ транзит амалга оширилса, яъни сафарнинг бошланиш нуқтаси ва манзили Россиядан ташқарида жойлашган бўлса;

✅ маблағлар Россия Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришномаси асосида хориждаги дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ва шунга ўхшаш тузилмалар фаолиятини таъминлаш учун олиб чиқилса.

Президент фармонида тақиқ бузилган тақдирда нақд пуллар олиб қўйилиши айтилган. Компаниялар ва якка тартибдаги тадбиркорлардан маблағлар тўлиқ ҳажмда, фуқаролардан эса олиб чиқишга рухсат этилган 1 миллион рублдан ортиқ сумма мусодара қилинади.

Россияда бундай чекловлар аввал ҳам амал қилган. Жорий йил 1 апрелдан бошлаб нақд пулларни фақат ЕОИИ давлатларига олиб чиқиш тақиқланган бўлиб, лимит мазкур валюта эквивалентида 100 минг доллардан ошмаслиги керак эди.

Бунда шунга ўхшаш истиснолар ҳам амал қилган. Хусусан, ҳукумат кўп ўтмай рублдаги катта миқдордаги нақд пулларни олиб чиқишга рухсат берилган 17 та аэропорт рўйхатини шакллантирган. Ушбу рўйхатга, масалан, Москвадаги Внуково, Домодедово ва Шереметьево аэропортлари, шунингдек, Калининград, Новосибирск, Челябинск, Калуга, Махачқалъа, Мурманск ва бошқа айрим шаҳарларнинг халқаро аэропортлари киритилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ