Ўзбекистон терма жамоаси пенальтилар сериясида Японияга мағлуб бўлди ва Осиё ўйинларида бронза медаллари учун Хитойга қарши ўйнайди

Ўзбекистон-Япония ўйинидан лавҳа. ЎФА фотосурати

Ўзбекистон U-23 терма жамоаси 2026 йилги Осиё ўйинларининг Айчи — Нагояда ўтказилаётган футбол турнири ярим финалида Японияга мағлуб бўлди. Асосий ва қўшимча вақт 1:1 ҳисобида якунланди, пенальтилар сериясида эса мезбонлар 9:8 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ўзбекистон 8-дақиқадаёқ ҳисобни очди. Голни Сардорбек Баҳромов киритди. Равшан Ҳайдаров шогирдлари асосий вақтнинг деярли охирига қадар устунликни сақлаб қолди, аммо 88-дақиқада Сена Ишибаши ҳисобни тенглаштирди. Қўшимча вақтда жамоалар гол ура олмади.

Пенальтилар сериясида рақиблар ўнинчи босқичгача етиб борди. Ўзбекистонлик футболчи Қувончбек Хушвактовнинг ҳал қилувчи зарбаси тўсинга тегди. Шундан сўнг Япония финалга йўлланма олди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон терма жамоаси «катта ёшдаги» футболчилар учун ажратилган квоталардан фойдаланмади ва Осиё ўйинларига U-21 таркиби билан борди. Турнир навбатдаги ёзги Олимпиада ўйинларига тайёргарлик сифатида қабул қилинмоқда. Япония ҳам худди шу тамойил асосида ҳаракат қилмоқда.

Учинчи ўрин учун баҳсда Ўзбекистон Жанубий Кореяга 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган Хитой терма жамоаси билан ўйнайди. Хитойликлар 22-дақиқада Ван Юдуннинг голи эвазига ҳисобни очди, аммо 33-дақиқада Ли Ён Жун ҳисобни тенглаштирди. 82-дақиқада эса Пэ Чун Хо корейсларга ғалаба келтирган голни урди.

Ўзбекистон — Хитой учрашуви бронза медаллари учун 3 октябрь куни бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Осиё ўйинларида кетма-кет иккинчи марта бронза медалини қўлга киритишга ҳаракат қилади. Ханчжоуда бўлиб ўтган аввалги турнирда жамоа ярим финалда Жанубий Кореяга 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган, шундан сўнг учинчи ўрин учун баҳсда Гонконгни 4:0 ҳисобида йирик мағлубиятга учратганди.

1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси Осиё ўйинларининг умумжамоа медаллар жадвалида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. Ўзбекистонлик спортчилар ҳисобида 54 та медаль бор: 16 та олтин, 19 та кумуш ва 19 та бронза. Фақат мусобақаларнинг 11-кунида жамоа 9 та медалга эга чиқди: 2 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ