ЮНЕСКО штаб-квартирасида Мовароуннаҳр алломаларининг илмий мероси тақдим этилди

ЮНЕСКОда Ислом цивилизацияси марказининг тақдимоти. ИЦМ фотосурати

Париждаги ЮНЕСКО штаб-квартирасида «Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат уфқлари» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда 300 нафардан ортиқ олимлар, дипломатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) матбуот хизмати хабар берди.

Иштирокчилар Марказий Осиё олимларининг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, тарихий-маданий меросни асраш, манбаларни рақамлаштириш, шунингдек, илм-фан, маданият ва таълим соҳаларида халқаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.

Конференция Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий ваколатхонаси, ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилди.

Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов конференция ўтказилишини Ўзбекистон президентининг 2025 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурган ташаббуси билан боғлади.

« Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш зарурлигини таъкидлаб, ушбу бебаҳо меросни жаҳон ҳамжамиятига етакчи халқаро майдонларда — Париждаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида ҳамда БМТнинг Женева ва Нью-Йоркдаги майдонларида тақдим этиш ташаббусини илгари сурган эди. Бугун Парижда ўтказилаётган конференция ушбу кенг кўламли ташаббусни амалга ошириш йўлидаги муҳим қадамдир», — деди Абдухолиқов.

Конференциянинг асосий воқеаларидан бири Ислом цивилизацияси маркази тақдимоти бўлди. Иштирокчиларга марказнинг музей ва илмий фаолияти, ноёб қўлёзмалар ҳамда тарихий артефактларни сақлашга қаратилган лойиҳалари, шунингдек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори Фарҳон Низомий Марказий Осиёнинг тарихий ва маданий меросига эътибор қаратди.

« Ўзбекистоннинг тарихий кўчалари бўйлаб юрар эканмиз, биз шунчаки гўзал бинолар ва қадимий ёдгорликларни эмас, балки юксак ва жўшқин маданият, ижод, яқин алоқалар ҳамда маданий алмашинувнинг гувоҳларини ҳам кўрамиз», — деди у.

ISESCO бош директори доктор Салим Ал-Малик Ислом цивилизацияси марказини халқаро майдонларда тақдим этиш Ўзбекистонга ташриф буюриш имкониятига эга бўлмаган инсонларга ҳам унинг фаолияти билан танишиш имконини беришини таъкидлади.

« Ислом цивилизацияси марказининг халқаро майдонда, хусусан ЮНЕСКОда тақдим этилиши жуда муҳим. Ўзбекистонга бориб, марказни кўриш имконига эга бўлмаган инсонлар, ҳеч бўлмаганда уни ЮНЕСКОда кўришлари мумкин. Бу орқали Ислом цивилизациясининг тинчлик, илм-фан ва маданият тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси намоён этилмоқда. Шунингдек, Ислом цивилизациясини доимий қўллаб-қувватлаб келаётган Ўзбекистон Президенти, жаноб олийлари Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман», — деди ал-Малик.

Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси президенти Фредерик Брессан ҳам Ислом цивилизацияси марказининг халқаро аҳамиятини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, марказ Марказий Осиёдаги, эҳтимол, бутун дунёдаги энг йирик маданий ва музей мажмуаларидан бири ҳисобланади.

« У узоқ вақт давомида етарлича маълум бўлмаган исломий илмий ва маданий мероснинг беқиёс бойлигини очиб бериш, уни кенг тарғиб этишга хизмат қилиши кўзда тутилган», — деди Брессан.

Конференциянинг илмий дастури учта мавзули сессияни қамраб олди. Уларда Марказий Осиёнинг маънавий ва интеллектуал мероси, Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-маданий майдон сифатидаги фаолияти ҳамда Мовароуннаҳр олимларининг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси муҳокама қилинди.

Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий мероси, қўшма илмий тадқиқотлар, академик алмашинувлар ва тарихий манбаларни рақамлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Конференцияда Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA), «Ал-Фурқон» ислом мероси жамғармаси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси, шунингдек, Ўзбекистоннинг илмий ва давлат муассасалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир якунида ЮНЕСКО штаб-квартирасида дипломатлар, олимлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида қабул маросими ўтказилди. Унда ЮНЕСКО бош директори Холид ал-Ананий ҳам қатнашди.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ