Ўзбекистон ва АҚШ кенгайтирилган стратегик шериклик бўйича биринчи мулоқотни ўтказди

Марко Рубио ва Бахтиёр Саидов. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

19 октябрь куни Самарқандда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги Кенгайтирилган стратегик шериклик бўйича мулоқотнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов хабар берди.

Учрашувда АҚШ томонидан Давлат котиби Марко Рубио иштирок этди. У бир кун аввал «Марказий Осиё — АҚШ» (C5+1) форматидаги Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида қатнашиш учун Ўзбекистонга келган эди.

Саидовнинг сўзларига кўра, мулоқот давомида томонлар икки давлат раҳбарлари аввал эришган келишувларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Савдо ва инвестицияларни кенгайтириш, энергетика, муҳим минераллар ва илғор технологиялар соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Таълим, маданий-гуманитар алоқалар ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган.

Марко Рубио таъкидлашича, Саидов билан учрашувда космик соҳа ҳамкорлиги ҳам муҳокама қилинган. Мулоқот якунлари бўйича Ўзбекистон томони Ой, Марс, кометалар ва астероидларни тинч мақсадларда тадқиқ этиш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик тамойилларини белгилаб берувчи «Артемида» келишувларини имзолади.

«Ушбу ҳужжат Ўзбекистон учун NASA ва бошқа иштирокчи давлатларнинг космик агентликлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, миллий кадрларни тайёрлаш ҳамда космик технологияларни трансфер қилиш борасида янги имкониятлар очади», — дея изоҳ берди Саидов.

«Артемида» келишувлари (Artemis Accords) — 2020 йилда АҚШ ташаббуси билан ишлаб чиқилган, Ой, Марс ва бошқа осмон жисмларини фуқаролик мақсадларида тадқиқ этишни тартибга солишга қаратилган, юридик жиҳатдан мажбурий кучга эга бўлмаган тамойиллар тўплами. Ҳужжат 1967 йилги Космик фазо тўғрисидаги шартномага асосланган.

Унда ўнта амалий тамойил белгиланган: тинч мақсадларга амал қилиш, шаффофлик, тизимларнинг ўзаро мослиги, астронавтларга фавқулодда ёрдам кўрсатиш, космик объектларни рўйхатга олиш, илмий маълумотларни очиқ алмашиш, тарихий меросни муҳофаза қилиш, космик ресурслардан фойдаланиш, «хавфсизлик зоналари» орқали фаолиятни мувофиқлаштириш ва орбитал чиқиндиларнинг олдини олиш.

Келишувлар 2020 йил 13 октябрда саккиз мамлакат — АҚШ, Австралия, Буюк Британия, Италия, Канада, Люксембург, Бирлашган Араб Амирликлари ва Япония вакиллари томонидан имзоланган. Кейинчалик уга бошқа давлатлар ҳам қўшилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ