Жорий йил июнь ойида Германия ҳукумати томонидан Душанбе шаҳрига қайтарилган тожик мухолифатчиси Асадулло Бобоев ўз ватанида 17 йилга колонияга ҳукм қилинди. Фаол бир нечта банд бўйича, жумладан, республика Жиноят кодексининг конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартиришга оммавий чақириқлар қилиш тўғрисидаги моддаси бўйича айбдор деб топилган. Бу ҳақда «Евросиё учун озодлик» (Freedom for Eurasia, FFE) инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти хабар берди.
Таъкидланишича, ҳозирча Европада фаолият юритувчи «Тожикистон ислоҳот ва тараққиёт» ҳаракати аъзоси бўлган 54 ёшли мухолифатчига нисбатан ҳукмни айнан қайси суд ва қачон чиқаргани маълум эмас.
«Асадулло Бобоевга чиқарилган ҳукм Германиянинг уни қамоқ ва қийноқлар кутаётган мамлакатга қайтариш ҳақидаги қарорининг бевосита оқибатидир. Европа давлатлари диктатурани танқид қилиш ҳақида гап кетганда, “яшаш рухсатномаси билан боғлиқ муаммолар” ортига яширина олмайди. Бундай ҳар бир депортация Раҳмон режими учун совға, барча тожик муҳожирлари учун эса Европа сизларни ҳимоя қилмайди, деган хабар ҳисобланади», — дейди FFE раҳбари Лейла Назгул Сейитбек.
Шу билан бирга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Марказий Осиё республикаси ҳукуматини фаолни зудлик билан озод қилишга, иш материалларини ошкор этишга, маҳбуснинг мустақил адвокат хизматидан фойдаланиши, оиласи билан учрашиши ва тиббий ёрдам олишини кафолатлашга чақиради.
Бундан ташқари, FFE Германия ҳукумати шахсни қайтармаслик тамойили бузилганини тан олиши керак, деб ҳисоблайди. Бу тамойил Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенциясининг 3-моддаси ҳамда БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси 3-моддасида белгиланган. Ташкилот, шунингдек, Германия ҳукуматини дипломатик каналлар орқали Бобоевнинг озод этилишига эришишга чақиради. Бундан ташқари, Европа давлати раҳбарларига тожик мухолифати вакилларини депортация қилишга мораторий жорий этиш ва Тожикистонга берилган баҳони қайта кўриб чиқиш таклифи билдирилган.
Бобоев ижтимоий тармоқларда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва республика Вазирлар Маҳкамасини бир неча бор танқид қилган. 2017 йилда фаол ватанидаги таъқиблар сабаб мамлакатни тарк этиб, дастлаб Литвага, кейин эса Германияга кўчиб ўтган.
Июнь ойи бошида мухолифатчи ва унинг 19 ёшли ўғли Германияда яшаш рухсатномасининг амал қилиш муддати тугагани ҳамда мамлакатни ихтиёрий равишда тарк этишни истамагани сабабли мигрантларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилганди.
«Тожикистон ислоҳот ва тараққиёт» ҳаракати Германия судига фаол депортация қилинган тақдирда ватанида қийноқлар ва қамоқ жазоси таҳдидига дуч келишини кўрсатувчи ҳужжатларни тақдим этган. Бироқ, суд ҳимоя томонидан Бобоевга нисбатан жиноий иш очилгани ҳақида маълумот олмаганини важ қилиб, қочқиннинг сафдошлари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг чақириқларини эътиборсиз қолдирган.
20 июнь куни Тожикистон фуқароси ўғли билан бирга ватанига депортация қилинган. Айни пайтда фаолнинг турмуш ўртоғи Мастона Файзуллоева ва уларнинг икки қизига Европада қолишга рухсат берилган.
Кейинроқ Бобоев «Сомон Эйр» авиакомпаниясининг Мюнхендан Душанбе шаҳрига учган самолёти бортида қийноқлар ва зўравонликка дучор бўлгани ҳақида хабар берилганди. Республика пойтахтига қайтиши билан у дарҳол ҳибсга олинган, ўғли эса бувисининг қарамоғига топширилган.
Тожикистон фуқаросининг депортация қилиниши халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Жумладан, Human Rights Watch ташкилоти Германияни ватанида сиёсий сабабларга кўра жиноий таъқибга учраши мумкин бўлган хорижликларни ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятларини бажармаётганликда айблади.



